Абу Ҳурайра (р.а.) айтади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Бир умра билан (кейинги) умра орадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир” (Муттафақун алайҳ).

Шарҳ. Ибн Абдул Барр ҳадисда умра каффорат бўладиган гуноҳларнинг кичик гуноҳлар эканини айтган ва бу катта гуноҳларни ҳам ўз ичига олади дейдиганларни қатъий рад этган. Аммо ҳадис мутлақ келгани учун баъзи олимлар икки умранинг катта гуноҳларга ҳам каффорат бўлиши мумкинлигини айтишган.

Бу ҳадис кўпгина умра қилишнинг мустаҳаб эканига далилдир. Уламолар бир йилда неча марта умра қилиш мумкинлиги ҳақида турли фикрлар билдиришган. Ҳанафийларга кўра, арафа куни, қурбон ҳайити кунлари ва ташриқ кунларида умра қилиш макруҳдир.

Шориҳлар ҳадисдагиБир умра билан (кейинги) умраиборасиниБир умра кейинги умра билан биргаликдадеган маънода тушуниш кераклигини айтишган. Яъни, “Бир умрадан кейин яна бир умра қилинса, бу иккиси орада қилинган гуноҳларга каффорат бўлади”.

Мукофоти фақат жаннат бўладиган мабрур ҳаж қандай ҳаж? Унинг қандай шартлари бор? Уламолар мабрур ҳаж – Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлган ҳаж эканини айтишган ва унинг бир қанча шартларини санаб ўтишган: 1. Ҳажга холис ният билан, фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб бориш. Худди Аллоҳ таолони зиёрат қилишга кетаётгандай, ундан бошқа барча мақсадларни четга суриш; 2. Ҳалол-покиза маблағига ҳаж қилиш; 3. Зиммасидаги бандалар ҳақларини ўташ ёки рози-ризолик сўраш. Ўталмай қолган намоз, рўза каби Аллоҳ таоло олдидаги қарзларининг қазосини ўташ ёки ўташга қатъий қарор бериб, сўнгра ҳажга кетиш; 4. Ҳаж давомида бекорчи, ёмон сўз, ният ва ҳаракатлардан узоқ туриш; 5. Ҳажнинг бошқа зоҳир ва ботин шартларини мукаммал адо этиш.

Ана шундай ҳаж зиммадаги қазо фарзлар ва банда ҳақларидан ташқари барча гуноҳларга каффорат бўлади ҳамда мукофотига фақат жаннат берилади.

Бу ҳадисдан ҳажнинг фарзларини бажармасдан туриб умра қилиш мумкинлиги ҳақидаги ҳукм олинган.

Манбалар асосида тайёрланди.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 22 июлда эълон қилинган  244 марта кўрилган