Абу Ҳурайра айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таолонинг йўллардан айланиб зикр қиладиганларни ахтариб юрадиган фаришталари бор. Улар Аллоҳ таолони зикр қилаётган жамоатга дуч келсалар, бир-бирларини: “Ахтарган нарсангизга келинг!” деб чақирадилар. (Ҳаммалари келиб,) уларни қанотлари билан ўраб дунё осмонигача бўлган кенгликни тўлдирадилар. Аллоҳ таоло Ўзи жуда яхши билгани ҳолда фаришталардан сўрайди:

– Бандаларим нима қиляптилар?

– Сенга тасбеҳ, такбир, ҳамд айтишяпти ва Сени улуғ-лашяпти, – деб жавоб беришади.

– Улар Мени кўришганми?

– Йўқ, Парвардигор (кўришмаган).

– Кўрганларида нима бўларди?

– Агар кўрганларида Сенга яна ҳам қаттиқ ибодат қилишга, Сени жуда улуғлашга киришиб кетишар, Сенга кўп-кўп тасбеҳ айтишарди.

– Улар нимани сўрашмоқда?

– Жаннатни сўрашмоқда.

– Жаннатни кўришганми?

– Йўқ, Парвардигор (кўришмаган).

– Кўрганларида нима бўларди?

– Кўрганларида унга яна ҳам қаттиқ интилишар, уни яна ҳам қатъий исташар, унга қизиқишлари чандон катталашарди.

– Нимадан паноҳ сўрашмоқда?

– Дўзахдан паноҳ сўрашмоқда.

– Уни кўришганми?

– Йўқ, Парвардигор (кўришмаган).

– Кўрганларида нима бўларди?

– Кўрганларида эди, ундан янада қаттиқ қочган, ундан янада қаттиқ қўрққан бўлишарди.

– Сизларни гувоҳ қиламан (яъни, гувоҳ бўлинг), уларни кечирдим!

Расулуллоҳ (с.а.в.) сўзларида давом этиб бундай дедилар: “Улардан бир фаришта айтади: “Уларнинг орасида фалончи гуноҳкор банда ҳам бор. У мазкур жамоат аҳлидан эмас. У бир иш билан ўтиб кетаётган эди, (буларни кўриб, шунчаки келиб) ўтирди”. Аллоҳ таоло: “(Майли,) уни ҳам кечирдим! Булар шундай жамоатки, уларнинг шарофатидан  улар билан ўтирганлар ҳам бадбахт бўлмайдилар”, деб марҳамат қилди» (Имом Бухорий, Имом Муслим).

Шарҳ. Ибн Ҳажар уламоларнинг ҳадисдан чиқарган қуйи-даги хулосаларига эътибор қаратади:

Ҳадисда Аллоҳ таолонинг зикри қилинган мажлислар, у ерда Аллоҳни зикр қилувчилар ва шу мақсадда жамланишнинг фазилати баён этилган. Бундан ташқари, шундай жамоатга қўшилган кишилар, аслида зикр учун келишмаган бўлса ҳам, Парвардигорнинг лутфу марҳаматидан зокирлар билан теппа-тенг насиба олишлари таъкидланган.

Ҳадисда фаришталарнинг инсонларни қанчалик суйиб, уларга нақадар яқиндан эътибор кўрсатишлари тасвирланган. Сўровчи жавобни яхши билиб тургани ҳолда сўрашининг боиси сўралувчининг қадрини юксалтириш, мақомини кўтариш ва ўзига яқин олишдир. Баъзи олимлар айтади: «Аллоҳ таолонинг фаришталардан зикр аҳли ҳақида сўраган бу саволи Бақара сурасининг 30-оятига ишорадир: “Эсланг, (эй Муҳаммад,) Раббингиз фаришталарга: “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман”, деганида, (улар) айтдилар: “Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз. (Аллоҳ) айтди: “Мен сизлар билмаган нарсани биламан».

Гўё фаришталарга бундай дейилмоқда: “Одамларга турли шаҳватлар, шайтон васвасалари бевосита таъсир қилишига қарамай, улар айтаётган бу тасбеҳ, ҳамд ва улуғлашларга қаранг! Улар қандай қилиб бу ишга киришдилару сизларга тенглашиб олдилар?!”

Баъзи олимлар: «Мазкур ҳадисдан бундай хулоса чиқади: “Одам боласи айтадиган зикр фаришталар айтадиган зикрдан устун ва шарафлидир. Зеро, инсонлар турли юмушлар ва ибодатдан чалғитувчи жуда кўп тўсиқларни енгиб, зикр айтишади. Бундан ташқари, улар Парвардигорни, У ваъда қилган жаннатни ҳамда қўрқитган дўзахни кўрмасдан бандалик қилишади. Фаришталарга эса бу тўсиқларнинг бирортаси ҳам тегишли эмас», дейди.

Бу ҳадис айрим зиндиқларнинг “Аллоҳ таолони ер юзида кўриш мумкин”, деган даъволарини ҳам пучга чиқаради. Чунончи, Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: “Билингки, Парвардигорингизни ўлмай туриб кўролмайсиз”, дейилган.

Ҳадисдан, аниқ билинган бир масала юзасидан ҳам, уни таъкидлаш ва қадрини юксалтириш учун қасам ичишнинг жоизлиги кўринади.

Жаннатнинг гўзаллиги, дўзахнинг даҳшати таърифу тавсифларга сиғмайди. Жаннатга етаклайдиган омиллардан би-ри Аллоҳ таолодан талаб ва рағбатда муболағага берилиш, яъни, жаннатнинг олий даражаларини тинмай сўраш, дўзах чоҳларидан доим паноҳ тилашдир.

Содиқ Носир

Манбалар асосида тайёрланди.

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 4 январда эълон қилинган  1365 марта кўрилган