Агар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда эди, албатта, сизлар ҳам эрталаб оч учиб чиқиб, оқшомда қорни тўқ бўлиб қайтадиган қуш мисоли ризқлантирилар эдингиз (Имом Термизий).

Шароит ва вазият қандай бўлишидан қатъи назар, Аллоҳга доимий ишонч ва суяниш, ризқни берувчи фақат У Зот эканини ёдда тутиш ҳақиқий таваккулдир.

Ишлаш, уриниш, чора излаш кабилар ризқнинг асл сабаб-лари эмас. Ризқни берувчи ёлғиз Аллоҳдир, қолгани восита, холос. Ризқни фақатгина хатти-ҳаракат ва уринишга боғлиқ деб ўйлаш эса эътиқодий хатодир. “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса!..” (Ҳуд, 6).

Ҳадиси шарифда ризқ ахтариш учун ҳаракатнинг таваккулга зид эмаслиги, тонглари бўш ошқозон билан чиқадиган қушлардек насибани хотиржам қидириш, бекор ўтирмаслик тарғиб қилинган. Соддалаштириб айтсак, ўзингиз ва ризқингизни Аллоҳга ҳавола қиласиз, лекин ҳаракатдан тўхтамайсиз. Торчилик бўлиб қолса, Аллоҳнинг тақдири, кенгчилик бўлса, у ҳам Парвардигорнинг иродаси. Бу ерда асосийси – бутун яралмишлар ризқини кафолатли тарзда бериб турадиган Аллоҳга таваккул қилиш ва кераксиз ҳис-туйғуларга берилиб кетмаслик. Зеро, ишончнинг сусайиши қилинган саъй-ҳаракатларга қарамай, кўзланган натижага эришолмасликка сабаб бўлади.

Ҳадисдан ўрганадиган жиҳатларимиз:

1. Бутун махлуқот ризқини Аллоҳ беради.

2. Ризқ излаш таваккулга зид эмас.

3. Ҳар ким ризқини излаши зарур, лекин ризқни Аллоҳ беришини унутмаслиги лозим.

4. Банда таваккул қилса, қалби хотиржам бўлади.

 

Шоакмал Акбарзода тайёрлади.

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 1 декабрда эълон қилинган  1064 марта кўрилган