Расули акрам (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Одамлар орасида шундайлари борки, улар яхшиликка калит, ёмонликка қулфдир. Яна шундай одамлар борки, ёмонликка калит, яхшиликка қулфдир. Аллоҳ таоло яхшиликка калит қилиб қўйган кимсалар нақадар бахтли! Ёмонликка калит бўлганлар нақадар бахтсиз!” (Ибн Можа).

Ҳадисда инсонлар икки турга бўлиниши ҳақида сўз боради. Яъни, баъзи одамлар яхшилик эшикларини очишади, ёмонлик эшикларини ёпишади. Эзгулик қилишдан роҳат олишади. Аллоҳ розилигини топиш учун хайрли амаллар қилишга шошилишади, бошқаларни ҳам шунга чақиришади. Бу йўлда ҳеч қандай тўсиқдан чўчишмайди. Ҳақ таоло буйруғига бўйсуниб, эзгулик қилишда мусобақалашишади. Бу дунё лаззатлари ва неъматларини қўлга киритиш эмас, Аллоҳ розилигига эришиш йўлидаги мусобақадир. Зеро, Ҳақ ризоси учун қилинган эзгулик эгасига ҳам руҳан, ҳам жисман лаззат, ҳаловат беради.

Зикр қилинган иккинчи тоифа инсонлар яхшиликка юрмай, ёмонлик эшикларини очади. Дин ва дунё, инсон ва табиатга зарар келтирадиган ишлар билан машғул бўлади. Улар ҳар қандай жамиятни аста-секинлик билан томиридан қуритиб юборадиган иллатлар тарқалишига жонбозлик қилади. Манфур ишлардан ҳузур топади. Бу тоифа ўзи ёмон амаллар қилгани етмагандай, атрофидагиларни ҳам домига тортади. Кўп ҳолларда ёмонликка калит бўлиб қолаётганларини англамайдилар ҳам. Чунки уларга бу ишлари эзгулик экани ёки уни ҳамма қилаётганини уқтириб турадиганлар бўлади.

Энди ким эзгулик йўлида калит бўлиб, ёмонликка қулф бўлса, икки дунё саодатини қўлга киритади.

Ёмонликнинг калити бўлиб, яхшиликнинг қулфи бўлганлар эса яхшиликдан насибаси йўқ, ҳар икки дунёда хору расво бўладиган бандалардир.

Ҳадисдан чиқарадиган хулосамиз:

1. Мўмин ўзини ислоҳ қилгач, ўзгаларни ҳам яхшиликка ундайди, ёмонликдан қайтаради.

2. Мўмин яхшиликни нафақат дастаклайди, балки унга сабабчи бўлади, йўл очади. Ҳадиси шарифда яхшиликка сабабчи бўлган одам ўша яхшиликни қилгандек савоб олиши айтилади (Термизий).

3. Мўминнинг пировард мақсади – Раббининг розилигига эришиш. Бу мақсад йўлида қилинган барча амал ва фаолият хайрлидир.

4. Мўмин қилган яхши ишларидан кибрланиб кетмайди. Аксинча, уни шу яхшиликка қодир қилган Аллоҳга ҳамду сано айтади. Парвардигоридан доимо хайрли амалларга қодир қилишини сўрайди.

Шоакмал Шоакбар ўғли тайёрлади.

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 5 июнда эълон қилинган  1088 марта кўрилган