Ибн Амр ибн Ос ривоят қилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар:

Бани Исроил бошига тушганлар умматимнинг ҳам бошига албатта тушади! Бани Исроил етмиш икки фирқага бўлинган, умматим эса, етмиш уч фирқага бўлинади. Буларнинг биттасидан бошқа ҳаммаси жаҳаннамга тушади.

У қайси фирқа?

Мен ва саҳобаларим йўлини тутганлардир” (Термизий ривояти).

Шарҳ. Ҳадиси шарифда уммат эътиқод ва амал борасида ўзини ҳақ деб билувчи турли гуруҳ ва фирқаларга бўлиниши башорат қилинмоқда. Эътиқод ва амалдаги фарқлар ботил бўлиб, фақат биргина фирқа тўғри йўлда бўлади.

Алий Қори китобида баён этилишича, Исломда илк фирқалар саккизта эди:

1. Мўътазила. Булар қиёматда Аллоҳни кўришни рад этадилар, савоб ва гуноҳ банда ихтиёрида эмас дейдилар. 20 фирқага бўлиниб кетишган.

2. Али ибн Абу Толибга муҳаббатда ҳаддидан ошган фирқа – шиалар. Улар 22 фирқага бўлиниб кетган.

3. Ҳазрат Али ва катта гуноҳ қилувчиларни кофирликда айб-ловчилар – хорижийлар. Улар 20 фирқага бўлинган.

4. Имон бор бўлса гуноҳ зарар беролмайди, дегувчи муржиийлар. Булар 5 фирқага бўлинган.

5. Баъзи фикрларда аҳли сунна, баъзи фикрларда мўътазила каби фикрловчи нажжорийлар – 3 фирқада.

6. Инсонда ихтиёр йўқ, дегувчи жабрийлар. Буларда битта фирқа бор.

7. Аллоҳни инсон каби жисми бор деб фикрловчи мушаббиҳа. Буларда ҳам бир фирқа мавжуд.

8. Аҳли сунна вал жамоа. Булар, яъни, биз бир жамоамиз.

Бир нарсани эслатиб ўтиш зарур: ҳадисни шарҳлаган олимларимиз Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ерда фиқҳий масалалар, айтайлик, ҳалол-ҳаром борасидаги ихтилофларни назарда тутмаганлар, дейишади. Ҳадисда тавҳид асослари, тақдир, пайғамбарликка доир тушунчалар, саҳобаларнинг мақоми ва яна бошқа кўплаб ғайбий масалаларда тойилиб кетган фирқалар назарда тутилган.

Зеро, айнан шу масалаларда фикри фарқли бўлганлар бир-бирларини кофирга чиқаришган. Ҳолбуки, шаръий-фиқҳий масалаларда фикри турлича бўлганлар орасида ўзаро куфрда айблаш кузатилмайди.

Фирқаланиш, яъни, турли гуруҳбозликлар саҳобалар ҳаётлик чоғида, уларнинг даври охирроғида бўй кўрсата бошлаб, Маъбади Жуҳайний ва унинг тарафдорлари томонидан бошланган.

Аллоҳ барчамизни ҳифзу ҳимоятида сақлаб, тўғри йўлдан адаштирмасин!

Шоакмал Шоакбар ўғли тайёрлади.

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 19 майда эълон қилинган  1733 марта кўрилган