Зубайр ибн Аввом ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: «Эй Зубайр! Аллоҳ таоло айтади: “Инфоқ-эҳсон қил, Мен ҳам сенга эҳсон қиламан, қўлингни кенг оч, Мен ҳам сенга “қўл”имни кенг очаман, қурумсоқлик қилма, Мен ҳам сенга қурумсоқлик қилмайман. Ҳамёнингни боғлаб, йиғинма. Мен ҳам сенга нисбатан йиғинмайман. Ризқ эшиги етти осмон узра Аршга боғланган ҳолда очиқдир, кечаю кундуз ёпилмайди”.  Аллоҳ таоло ризқни ҳар бир кишининг нияти, берган ҳадяси, садақаси ва инфоқ-эҳсонига яраша туширади. Ким кўпайтирса, кўпайтиради, ким озайтирса, озайтиради, ким хайрни қисса, Аллоҳ ҳам унинг ризқини қисади. Эй Зубайр, еб-ич ва бошқаларга ҳам едириб-ичир... Аллоҳ таоло инфоқни яхши кўради, хасисликни ёмон кўради. Саховат аниқ ишончдан, бахиллик эса шубҳаланишдан келиб чиқади, ишончи комил (имонли) одам дўзахга кирмайди, шак қилган эса жаннатга кирмайди. Эй Зубайр, Аллоҳ таоло бир бўлак хурмо билан бўлса ҳам саховат кўрсатилишини яхши кўради...” (Ҳаким Термизий. “Наводирул усул”).

Шарҳ. Бу ҳадис анча узун, уни қисқартириб, мавзуга дахлдор қисминигина келтирдик. Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) Аллоҳ таоло бандаларини инфоқ-эҳсон қилишга буюриб, унинг акси бўлган бахиллик ва хасисликдан қайтарганини айтмоқдалар. Аллоҳ таоло айримларни ризқини кенг, айримларни эса ризқини тор қилиб синайди. Банда охиратда ўзига берилган неъматлардан сўралади. Аллоҳ таоло бандаларга ризқ бериб, ундан қандай фойдаланишни ҳам ўргатди. Инсон ўз эҳтиёжларидан ташқарисини бошқалар билан баҳам кўриши зарур. Бу ишнинг энг тўғриси ва хайрлиси Аллоҳ учун инфоқ-эҳсон қилишдир.

Ўз оиламизга инфоқ қилишимиз вожиб, буни аксариятимиз бажарамиз. Бироқ бошқаларга ёрдам қўлини чўзишга унчалик ҳам шошилавермаймиз. Бу инсон табиатига хос хусусият. Шу сабабли ҳам  кўпгина оят ва ҳадислар эҳсон қилишга чақиради.

Аслида, банданинг қадри ризқи кенг ёки тор экани билан эмас, ўша ризқдан қандай фойдаланаётгани билан белгиланади. Бунда кишининг имон-эътиқоди муҳим аҳамиятга эга. Ризқимни Аллоҳ берди, энди уни Ўзи буюрганидек сарфлашим керак, бу билан ризқим камайиб қолмайди, балки барака киради деб ишонган мўмин садақа бериш ва саховат кўрсатишда иккиланмайди. Чунки у Аллоҳ таоло ва расули (с.а.в.)нинг ваъдаларига тўлиқ ишонади. Аллоҳ таоло айтади: “Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ, 39). Пайғамбаримиз (с.а.в.) эса: “Жоним Унинг измида бўлган Зотга қасам, садақа билан мол камаймайди”, деганлар (Имом Термизий).

Садақанинг савоби кўп ёки озлиги билан белгиланмайди. Бой садақа қилган юз минг сўм пулнинг савоби камбағал берган минг сўм пулнинг савоби билан бир хил бўлиши мумкин. Чунки ҳар иккиси ўз имкониятидан келиб чиқяпти. Эҳсоннинг қадри ва даражаси қандай ихлос-эътиқодда қилинганига кўрадир.

Ризқ кенг ёки тор бўлиши неъматга қандай муносабат кўрсатишга ҳам боғлиқ. Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳаким ибн Ҳизом (р.а.)га: “Мол-дунё ширин, ким уни нафсини тийган ҳолда қабул қилса, унга барака киради, агар акси бўлса, ундан барака қочади ва у ебтўймас каби бўлади. Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшидир”, дея насиҳат қилганлар (Ибн Ҳиббон).

Аллоҳ таоло барчамизнинг ризқимизни кенг, қўлимизни очиқ қилсин.

Муҳаммад Сиддиқ Мукаррам

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 13 январда эълон қилинган  2819 марта кўрилган