Савол: Ёшим етмиш учда. Зиммамда қазо намозларим бор. Баҳоли қудрат ўқиб боряпман. Шу ҳолда нафл намозлари ҳам ўқисам бўладими?

Жавоб: Зиммангиздаги ибодатларнинг қазосини ўташга ҳаракат қилишингиз таҳсинга лойиқ. Чунки зиммадаги ибодатлар фақат уларнинг қазосини ўташ билан соқит бўлади. Энди нафл намозларни ўқиш масаласига келсак, олдин қазоларингизни ўтаганингиз авло. Зеро, нафл ибодатларни қилсангиз, савоб оласиз, қилмасангиз, гуноҳкор бўлмайсиз. Қазо намозлар эса бўйнингиздаги қарз. Қарзни имкон қадар тезроқ ўташ керак. Бўйнида қарзи бор одам бировга ҳадя, садақа қилмайди. Аввал қарзини тўлайди.

Савол: Баъзилар: “Киши вафот этганида ҳаж мавсумида кийган эҳроми билан кафанланса ва кафанига зам-зам суви сепилса, унинг қабрдаги азоби енгил бўлади”, дейишади. Шу гап қай даражада асосли?

Жавоб: Қабр азобининг ҳақлиги аҳли сунна вал жамоа ақидасида таъкидланган. Сиз айтган нарсалар билан қабр азоби енгил бўлмайди. Қабр азоби енгил бўлиши учун имон тақозо қилган солиҳ амалларни кўпайтириш, унга зид ишлардан имкон қадар узоқлашиш керак.

Савол: Маййит вафотидан неча кун ўтгач худойи қилиш керак?

Жавоб: Аҳли суннат ва жамоа эътиқодига кўра, барча солиҳ амалларнинг савобини маййит руҳониятига бағишлаш мумкин. Таом ҳозирлаб, уни камбағалларга улашиш ва савобини марҳумнинг руҳониятига бағишлаш ҳам жоиз. Бироқ буни зиёфат шаклида қилмаслик керак. Зеро, маййит вафотидан уч кун ўтмай, таом ҳозирлаш ва одамларни чорлаб, уни зиёфат тарзида тарқатиш таҳримий макруҳдир. Уч кундан сўнг кимнинг кучи етса, имкони кўтарса, истаган пайтда муҳтожларни чақириб, дастурхон ёзиши мумкин.

Савол: Баъзи жойларда ўлган одам учун ўтказиладиган “давра” деган маросимнинг мазмун-моҳияти ҳақида айтиб берсангиз.

Жавоб: Шариатимизда фидя масаласи бор. Унинг моҳияти шуки, мусулмон одам балоғатга етгач, умрининг охиригача ўзига фарз қилинган ибодатларни бажаришга масъул бўлади. Беморлик ёки мусофирлик каби узрлар билан ўтай олмаган ибодатлари қазосини ушбу узрлари кетгач, ўтайди. Тузалишидан умид йўқ беморлар, ўта қартайган кексалар учун динимизда фидя жорий этилган. Яъни, улар тутолмай қолган бир кунлик рўзаси учун ярим соъ (икки кило) буғдой ёки унинг қийматини камбағалларга фидя тариқасида беришади. Бунинг Қуръон ва суннатда далиллари бор.

Имом Муҳаммад, Ибн Обидин каби забардаст ҳанафий уламоларимиз ана шу далилларга қиёсан, ўқилмай қолган намоз учун ҳам шунча миқдорда фидя беришни жоиз дейишган. Фақат фарқи, рўзанинг фидясини киши ҳаётлигида ўташи мумкин. Аммо намознинг фидясини тирик одам ўзи учун бера олмайди.

Киши беморлиги ёки бошқа шаръий узр билан адо қилолмаган намоз ва тутолмаган рўзалар учун фидя беришни васият қилсагина, меросининг учдан бир қисмидан фидя чиқарилади. Бир кунлик фарз намозлар ва витрнинг ҳар бири учун ярим соъ (икки кило)дан, жами 12 кило буғдой ёки унинг қиймати фидя сифатида берилади. Мазкур сонни намоз адо этилмай қолган кунлар миқдорига кўпайтирса, умумий фидя миқдори чиқади. Бир ой рўзанинг фидяси 60 кг буғдой (ёки қиймати)дир.

Таассуфки, “давра” шариатимизда жорий бўлган фидя ҳақи-даги масалага зиддир. Турли сабабларга кўра, мусулмонлар ора-сида ҳар хил бидъат ва хурофотлар жорий бўлиб қолган. “Давра” шундай хурофотлардан биридир.

“Давра” тарғиботчилари эса марҳум ҳали дафн қилин­масдан туриб, унинг умрини ҳисоблаб, марҳум васият қилмаган бўлса ҳам, бунча намози ва бунча рўзаси қолибди, шунинг учун фалон миқдорда мол беришингиз керак, деб марҳумнинг қариндошларидан мол-пул талаб қилади. Аллоҳ таоло мусулмонларни бировларнинг мол-мулкини ботил йўллар билан ўзлаштиришдан қайтарган: «Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан еманг!..» (Нисо, 29).

Савол: Мен бўш пайтларим, айниқса, кечқуруннинг кўп қисмини тасбеҳ ўгириш билан ўтказаман. Аллоҳ таолога ҳамд, такбир, тасбеҳ ва истиғфор айтаман. Шу ишим тўғрими?

Жавоб: Маълумки, икки елкамиздаги котиб фаришталар оғзимиздан чиқаётган ҳар бир сўзни қайд қилиб боришади. Киши бекорчи, лағв гаплар, ғийбат-шикоятлар билан вақт ўтказиб, ҳам ўзига, ҳам атрофидагиларга зарар етказганидан кўра, зикр билан машғул бўлса, қалби покланади, дили равшан бўлади, номаи аъмолига ҳам савоб ёзиб турилади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, зикр, тасбеҳ ва салавотлар фақат бўш пайтда ёки махсус ўтириб, қўлга тасбеҳ ушлаб айтилиши шарт эмас. Уларни доимо: юрганда, турганда, ўтирганда, бирор иш қилаётиб ҳам айтиб юриш мумкин. Фақат ҳожатхона, ҳаммом каби нопок жойлар бундан мустасно. Зеро, “Қўлинг ишда, дилинг Аллоҳда бўлсин!” деган ҳикматда ҳам шу маъно кўзда тутилган. Валлоҳу аълам.

 

 

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 28 сентябрда эълон қилинган  94 марта кўрилган