Хуфтон намозининг икки ракатини ўқиб бўлгач, бу таровеҳ намози деб ўйлаб, салом бериб қўйса, шунингдек, пешиннинг икки ракатидан кейин бу жума деб ўйлаб, салом бериб қўйса ёки муқим тўрт ракатли намознинг икки ракатидан кейин ўзини сафарда деб ўйлаб, салом бериб қўйса, намозини қайтадан ўқийди. Аммо мазкур ҳолатларда намознинг охири деб ўйлаб салом бериб қўйса, намози бузилмайди, балки давомини ўқиб, охирида “саждаи саҳв” қилади.
«Оламгирия», «Қозихон» 
 
Намоз ўқиётган кишига намоздан ташқаридага одам қироатда ёрдам берса, яъни эсига келмай қолган жойини эсига солса ёки хато ўқиган жойини тузатиб қўйса ва бу ёрдамни намозхон қабул қилса, намози бузилади.
«Оламгирия», «Мунятул-мусаллий»
 
Имом қироатда ёрдамга муҳтож бўлган тақдирда муқтадий дарҳол ёрдам беришга шошилмаслиги керак, балки ўзига бироз қўйиб бериб, агар ўзи уҳдасидан чиқмаса ёки сукут сақлаб қолса, шундагина ёрдам бериш лозим бўлади. Лекин имом ҳам, агар намозга яраша қироат қилган бўлса, қавмни ёрдам беришга мажбур қилмаслиги, балки рукуга кетавериши мумкин.
«Оламгирия», «Муҳит», «Кофий»
 
Имо-ишора билан намоз ўқийдиган киши саждага эгилиш учун бирор тахта, ёстиқ каби нарсаларни баланд қўйиб олиши дуруст эмас. Шундай тақдирда ҳам бошини рукудан кўра саждада пастроқ эга олса, намози дуруст бўлади, лекин нарса қўйиб ўқимагани маъқул. Аммо бошини эгмаган ҳолда бирор нарсани пешонасига кўтариб сажда қилса, намози дуруст бўлмайди. Ерга ёстиқ қўйиб олиб, унга сажда қилиши мумкин.
«Оламгирия», «Хулоса», «Музмарот»
 
Пешонасида жароҳати бор киши намозни узрим бор, деб имо-ишора билан ўқиши мумкин эмас. Балки бурни билан сажда қилиб ўқиши керак.
«Оламгирия», «Захира»
 
Шайх Абдулазиз Мансур
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 5 июлда эълон қилинган  174 марта кўрилган