Савол: Закот фарз бўлиши учун қандай шартлар бор?

Жавоб: Закотнинг фарз бўлиши учун ушбу шартлар юзага келиши керак:

1. Ҳуррият. Закот берадиган одам эркин бўлиши керак. Қулга закот фарз эмас;

2. Ислом. Закот фарз бўлиши учун мусулмон бўлиши керак;

3. Ақл ва булуғ. Закот берувчи киши ақли жойида ва балоғатга етган бўлиши лозим. Аммо ушр (экинлардан олинадиган закот) ёш бола ва ақли заифнинг еридан ҳам олинади;

4. Нисоб миқдоридаги мол;

5. Молга тўлиқ эгалик қилиш;

6. Асл эҳтиёжидан ортиқ молга эга бўлиш;

7. Бандалардан қарзи бўлмаслик;

8.  Нисобнинг ўсиб, кўпайиб туриши;

9. Нисоб миқдорига етган молнинг бир қамарий йил давомида камаймай туриши (“Фатовойи Ҳиндия”).

Савол: Опа-синглисига, ака-укасига закот берса бўладими?

Жавоб: Бўлади. Закотни фақат шажара бўйича ўзидан юқоридаги қариндошларига (ота, она, бобо, буви...) ва ўзидан кейинги қариндошларига (ўғил-қиз, набира...) бериб бўлмайди.

Савол: Закотни кимларга бериб бўлмайди ва қайси ўринларга сарфлаб бўлмайди?

Жавоб:

1. Бой мусулмонга закот берилмайди;

2. Бой кишининг кичик ёшдаги ўғлига ҳам бериб бўлмайди;

3. Ота-она, фарзанд ва набираларга бериб бўлмайди;

4. Ҳошимийларга ҳам бериб бўлмайди

5. Киши закотини хотинига, хотин эрига ҳам беролмайди;

6 Закот молидан бирор ўликнинг қарзини ҳам тўлаб бўлмайди;

7. Закот молини масжидларни қуриш, таъмирлаш ва ўликни кафанлаш харажатларига ишлатиш жоиз эмас;

Савол: Менинг нисобга молим бор. Аммо ўзим ижара уйда яшайман. Мен закот беришим керакми?

Жавоб: Молингиз асл эҳтиёжингиздан ортиб, нисобга етган бўлса ва бир йил давомида камаймай турса, закот берасиз. Закот бериш шартларида яшаб турган уйи ўзиники бўлсин, деган шарт йўқ.

Савол: Закот бериши керак бўлган, бироқ бермай туриб ўлган кишининг меросидан закот олинадими?

Жавоб: Йўқ, олинмайди. Аммо зиммасидаги ушр қарзини ўтамай туриб ўлган кишининг қолдирган меросидан ушр берилади (“Фатовойи Ҳиндия”).

Савол: Бир бой одамнинг ижарага берадиган уйи бўлса ва у ижарада ўтирган кишига: “Закотим ҳисобидан ижарага ўтиравер”, деса, закотини ўтаган бўладими?

Жавоб: Йўқ, бўлмайди. Чунки закот нақд ҳолда, қўлга тегадиган маблағ ёки мол кўринишида бўлиши керак (“Фатовойи Ҳиндия”).

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 5 июнда эълон қилинган  2402 марта кўрилган