Агар рўзадор узумнинг бир дона уруғини чайнаб ютса, ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади. Чайнамай ютса, фақат қазо вожиб бўлади.

Оламгирия”, “Заҳирия”

 

Туз еса, фақат қазо вожиб бўлади. Аммо туз еб юриш одати бор одам бўлса, ҳам қазо, ҳам каффорат вожибдир. Лекин туз еган рўзадорга ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади, деган фатволар ҳам бор. Бинобарин, бунда эҳтиёткорлик лозим бўлади.

Оламгирия”, “Табйин”,

Хулоса”, “Шарҳи Ниқоя”

 

Рўзадорлиги эсида йўқ овқатланаётган кишини кўриб қолган одам қарайди – агар у кечгача рўзасини бемалол етказадигандек туюлса, рўзани эслатади. Акс ҳолда, макруҳ иш қилган бўлади. Борди-ю, у кекса одам бўлиб, чамасида кечгача рўзасини етказа олмайдиган бўлса, рўзани эслатмаслиги жоиз.

Оламгирия”, “Заҳирия”

 

Кундузи ухлаётган рўзадор уйқусираб, сув ичиб қўйса, рўзаси очилади. Каффоратсиз, фақат қазосини тутиб беради.

Оламгирия”, “Қозихон”

 

Таом ҳисобланмайдиган – тош, тупроқ, данак, пахта, хашак, қоғоз каби нарсаларни ютиб юборса, рўзаси очилади. Лекин каффоратсиз, фақат қазосини тутиб беради.

Оламгирия”, “Табйин”, “Хулоса”

 

Оғиз сўлагини ташқарига чиқармай ютса, рўзаси очилмайди. Ташқарига чиқариб олиб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса, рўзаси очилади.

Оламгирия”, “Заҳирия”

 

Бир-икки томчи кўз ёши ёки юзидан оққан тер оғзига кириб, томоғидан ўтиб кетса, рўзаси очилмайди. Аммо бу миқдордан зиёд бўлиб, оғзида кўпгина шўрликни сезса, рўзаси очилади.

Оламгирия”, “Хулоса”

 

Сув билан истинжо қилаётганда эҳтиёткорлик лозим бўлади. Акс ҳолда остидан сув кириб, рўзасининг очилиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Оламгирия”, “Ал-Баҳр”

Шайх Абдулазиз Мансур

 

* * *

Уч нарса хотирани зиёда этади ва сафрони кетказади: мисвок ишлатиш, рўза тутиш, Қуръон тиловат қилиш.

Али ибн Абу Толиб

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 4 июнда эълон қилинган  1331 марта кўрилган