1. Намоз ўқиётган киши хоҳ Қуръонга, хоҳ бошқа бирор ёзувга қасддан қараб, маъносини тушунса, намозда бошқа нарсалар билан шуғуллангани учун одобга тескари ҳаракат қилган ҳисобланади ва бу иши макруҳдир. Аммо маъносини тушунган ёзувни тили билан талаффуз қилмаса, намози бузилмайди. Бехосдан кўзи бирор ёзувга тушиб, маъносини тушунса макруҳ бўлмайди.

2. Намоздаги кишининг олдидан бирор кимса ўтса, намози бузилмайди. Ўтган киши хоҳ аёл, хоҳ эркак, хоҳ бола бўлсин.

Мукаллаф (балоғатга етган, ақлли) киши намоз ўқиётган кишининг олдидан қасддан кесиб ўтса, гуноҳ иш қилган бўлади. Бу масаланинг тўрт жиҳати бор:

а) намоз ўқиётган одам ўтиш йўлида турмагани, уни айланиб ўтиш мумкин бўлгани ҳолда олдидан ўтилса, бу ҳолда ўтган одам гуноҳкор бўлади;

б) бир киши одамлар у ёқ-бу ёққа ўтиб турадиган, айланиб ўтиб бўлмайдиган ерда намоз ўқиётган бўлса, гуноҳ шу кишига оиддир;

в) намоз ўқувчи киши бошқа қулай ер турганда ҳамма ўтиб турадиган жойда намоз бошласа, ўтиб кетаётган киши ҳам айланиб ўтиб кетиши мумкинлиги ҳолда намоз ўқиётганнинг олдидан кесиб ўтса, ҳар иккаласи гуноҳкор бўлади;

г) на намоз ўқувчи ибодат учун холи бир жой топа олади ва на ўтувчи киши уни айланиб ўтишга имкон топа олади. Бундай ҳолатда иккиси ҳам гуноҳкор бўлмайди.

Фиқҳий манбалар асосида тайёрланди

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 2 мартда эълон қилинган  2160 марта кўрилган