март 02

Мусулмон инсон қиёматда бу дунёда қилган амалларининг зарра миқдоричаси ҳам қолмай ҳисоб қилинишига ва ўша ҳисоб асосида мукофот ёки жазо берилишига жазм ила эътиқод қилмоғи керак.

Аллоҳ таоло “Залзала” сурасида бу ҳақиқатни қуйидагича баён қилади: “Ўша Куни одамлар, уларга (номаи) аъмолларини кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар. Бас, кимки дунёда зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (Қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўрар” (6-8 оятлар).

Яъни, қиёмат куни одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, мўминлар алоҳида, кофирлар алоҳида жойларидан қўзғаладилар. Кейин бу дунёда қилган ишларига яраша мукофот ёки жазо оладилар.

Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлади, улар учун қиёматда жавоб бериш керак.

Ҳар доим, кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам яхшиликни қилиш, шунингдек, кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам ёмонликдан қочиш керак.

Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага Ўзи гувоҳдир. Банданинг заррача қилган яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам Унинг назаридан четда қолмайди ва банданинг амал дафтарига ёзилиб туради. Ғофил банда эса гуноҳларини тезда унутиб юборади. Лекин Аллоҳ қиёмат кунида ер юзидаги барча халойиқни, бирор кишини ҳам унутмасдан, тирилтиради. Сўнгра бу дунёда қилган ишларини ҳар бир банданинг амал дафтарига асосланиб, унга кўрсатади.

Бу ишлар қиёмат куни содир бўлади. Маҳшарда тўпланган одамларга номаи аъмоллари берилади. Кимки бу дунёдан мўмин-мусулмон бўлиб, тоат-ибодат, тақводорлик билан ўтган бўлса, уларнинг номаи аъмоли ўнг тарафдан берилади. Шунинг ўзи яхшилик аломати. Бу хил кишилар амалларини кўрсатиб ўтиш йўли билан ҳисоб-китоб қилинадилар. Улар шундан кейин жаннатдаги аҳллари ҳузурига хурсанд бўлиб қайтадилар.

“Сунний ақийдалар”дан

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 2 мартда эълон қилинган  1249 марта кўрилган