Савол: “Шайхи фоний” нима дегани?

Жавоб: Рўза тутишга кучи етмайдиган даражада кекса ёшдаги кишиларга “шайхи фоний” дейилади. Шайхи фоний кишилар вафот этгунларича кундан-кунга қувватдан кетиб борадиган ва ўлимига қадар қайта кучга тўлмайдиганлардир (“Баҳрур роиқ”). Бундай кишилар рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя сифатида бир фақирнинг қорнини тўйдирадилар (“Ҳидоя”). Улар хоҳласалар, фидяларини ҳаммасини бир қилиб рамазон ойининг бошида берадилар, хоҳласалар охирида берадилар (“Фатовойи Ҳиндия”).

Фидя берганидан кейин қувватга тўлиб, рўза тутишга куч етадиган бўлиб қолган кишининг берган фидяси ботил бўлади. Бу киши илгари тутмаган рўзаларининг ҳам қазосини тутиши керак бўлади (“Ниҳоя”).

Савол: Одатда ҳайз кўриш куни рамазон кунларидан бирига тўғри келиб қолган аёл шу куни рўзасини очиб юборса-ю, ҳайзи келмаса, қандай йўл тутади?

Жавоб: Аёл “Ҳайз куним”, дея бошлаган рўзасини бузса ва ўша куни ҳайз келмаса, унга ҳам қазо, ҳам каффорат лозим бўлади (“Зоҳирия”). Яъни, очиб юборган бир кунига бир кун қазо ва каффорат сифатида яна олтмиш кун кетма-кет рўза тутиши керак.

Савол: Ҳозирги иссиқ кунларда ишлайдиганлар учун узр борми? Яъни улар рўза тутмасалар ҳам бўлаверадими?

Рамазон ойларида ишлагани учун ҳолсизланиб қолган, рўзасида давом этса аниқ ҳалок бўлишидан қўрққан одам рўза тутмаслиги мумкин (“Фатовойи Ҳиндия”). Кейинчалик бир кунга бир кун қазо қилиб тутиб беради.

Савол: Сийдикни дори сифатида қўллашни (ичиш, ювиниш) сифатида буюраётган бир табиб бор эмиш. Сийдик ҳам шифо бўлиши мумкинми?

Жавоб: Сийдикнинг бир томчиси ҳам ҳаром ва у ўзи теккан жойни нопок қилади. Кийимга теккан бўлса, тозаламасдан у билан намоз ўқиб бўлмайди. Шундай экан, қандай қилиб у даво бўлсин? Дардни берган Аллоҳ таоло шифосини ҳам белгилаб қўйган. Аммо ҳеч қайси ҳаром нарсада шифо йўқ! Расули акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ҳаромдан шифо изламанг”, деган ҳадислари бор. Қолаверса, сийдикни дори сифатида қўллаш, уни ичиш, суриш ва унга чўмилишни қайси соғлом таъб қабул қила олади?

Кунларнинг бирида Пайғамбарбаримиз (алайҳиссалом) саҳобалари билан бир жойдан ўтиб кетаётиб, иккита қабрнинг олдида бир оз туриб қолдилар. Сўнг бу қабрда ётганлар биз кичик санайдиган гуноҳлар сабаб азобланаётганини айтдилар. Маълум бўлишича, улардан бири сийдигидан эҳтиёт бўлмас экан. Яъни, ҳожат пайтида кийимига сийдик сачрашидан сақланмас экан. Эътибор беринг, кийимга сачрагани учун азобга сабаб бўладиган сийдикда қандай шифо бўлсин?!

Ислом – ақл ва мантиқ дини. Кишининг соғлом табиати, ақли қабул қилмаган нарса шариатга ҳам зиддир. Динимиздаги ҳалол ва ҳаром каби ҳукмларнинг барчасида кўплаб ҳикматлар бор ҳамда уларнинг бари ақл ва мантиққа тўғри келади.

Содда одамларни алдаб, адаштираётган, сийдикдек ҳаром ва жирканч нарсани шифо деб тарғиб қилаётган сохта табиблар Аллоҳдан қўрқсинлар! Аллоҳ шариати билан ўйнашганларни, ҳалол-ҳаром борасида Ўзи белгилаб берган чегарани бузиб, кишиларни чалғитаётганларни икки дунёда аламли азобга гирифтор қилади!

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 30 июнда эълон қилинган  3970 марта кўрилган