Исро ва Меърож ҳақдир

Ражаб ойининг 27-кечаси Исро ва Меърож кечасидир. Шу кеча Пайғамбаримиз (с.а.в.) Аллоҳ таолонинг қудрати билан фаришталар ёрдамида Маккадан Қуддусдаги Масжидул Ақсога борганлар. Сўнгра Аллоҳ таолонинг ҳузурига, осмонга кўтарилиб, “Сидратул мунтаҳо”га етиб бордилар.

Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Маъсуд (р.а.)дан ривоят қилишларича, “Сидратул мунтаҳо” еттинчи осмондаги дарахт бўлиб, унинг шохлари дуру ёқут ва забаржадлардан иборатдир. Ердан нимаики кўтарилиб чиқса, интиҳоси унга етади ва юқоридан нимаики тушса, интиҳоси унга етади. Шунинг учун ҳам “Мунтаҳо” яъни, интиҳосига бориб етадиган жой деб аталади (Ибн Касир тафсири, III жилд).

Бу Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз (с.а.в.)га кўрсатган улуғ мўъжизаларидан биридир. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога қилган тунги сайрлари – Исро ҳодисаси Қуръон билан собит бўлган: (Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун тунда (Маккадаги) Масжидул Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжидул Ақсога сайр қилдирган Зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У эшитувчи ва кўрувчидир” (Исро, 1).

Пайғамбаримиз (а.с.)нинг ердан осмонларга кўтарилиш-лари Меърождир. Ушбу воқеа ҳижратдан бир йил олдин, ражаб ойининг 27-кечаси содир бўлган.

“Бир кеча Масжидул Ҳаромда эканман, баногоҳ ҳузуримга Жаброил (а.с.) Буроқ исмли отни етаклаб келди ва мени ўша отга миндириб самога олиб чиқиб кетди. Бир зумда Қуддус шаҳрига етиб келдик. Масжидул Ақсода икки ракат нафл намозини ўқигач, яна Буроққа миниб, Жаброил (а.с.) билан осмонга йўл олдик”.

Меърожда содир бўлган нарсаларнинг баъзилари юқоридаги оятларда зикр қилинди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Меърож кечасида Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган аломатларни, жумладан, Жаннат, Дўзах, Байтул Маъмурни, ўтган пайғамбарлар, фаришталар, Жаброил (а.с.)нинг аслий кўринишларини ва бошқа нарсаларни кўрдилар. Шу кеча Муҳаммад (а.с.) умматига беш вақт намоз фарз қилинди.

Расулуллоҳ (с.а.в.) Меърождан қайтишларида Иброҳим Халилуллоҳни кўрганлар. У зот (а.с.) биз умматларга ўз саломларини йўллаб: “Эй Муҳаммад, умматларингизга жаннат жуда ҳам гўзал жой эканини айтинг. Шу гўзал жойга эришмоқ учун ибодат ва хайрли ишларни мунтазам давом эттириб, Аллоҳ розилигини топишсин”, деб насиҳат қилганлар.

Аҳли суннат вал жамоат ақоиди” асаридан

, ,

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: