Қуръон — Аллоҳнинг каломи. У мусҳафларда битилган, қалбларда ёдланган, тилларда ўқилган, Муҳаммад (а.с.)га нозил қилинган. Қуръон билан қилган талаффузимиз, уни ёзган битигимиз, уни қилган қироатимиз махлуқ (яратилган)дир, лекин Қуръон махлуқ эмасдир.

Қуръондаги Аллоҳ таолонинг Мусо ва бошқа пайғамбарлар (а.с.), Фиръавн ва Иблис тўғрисида зикр этган қиссаларининг барчаси Аллоҳнинг каломидир. Аллоҳнинг каломи ғайримахлуқ. Мусо ва бошқа яралганларнинг каломи махлуқдир. Қуръон эса уларнинг эмас, балки Аллоҳнинг каломидир.

Аллоҳнинг Ўзи Қуръонда хабар берганидек, Мусо (а.с.) Аллоҳнинг каломини эшитган. Мусога гапирмай туриб ҳам Аллоҳ таоло мутаккалим (гапирувчи) эди. Барча мавжудотни яратмай туриб ҳам У холиқ (яратувчи) эди. Унинг мислидек нарса йўқдир ва У эшитувчи, кўрувчидир.

Аллоҳ таоло Мусо (а.с.)га сўзлаган пайтда азалдан ўз сифати бўлиб келган каломи билан сўзлаган. Унинг барча сифатлари махлуқотларнинг сифатларидан тубдан фарқ қилади, яъни У билади, лекин биз билгандек эмас. Қудрати бизнинг қудратимиздек эмас. Кўради, лекин биз кўргандек эмас. Эшитади, лекин биз эшитгандек эмас. Гапиради, лекин биз гапиргандек эмас. Биз тил, оғиз, лаб каби воситалар ва ҳарфлар билан гапирамиз. Аллоҳ таоло воситасиз, ҳарфларсиз гапиради. Ҳарфлар махлуқ, Аллоҳнинг каломи эса, ғайримахлуқ.

Аллоҳни нарса деб аташ мумкин. Лекин ўзга нарсалардек тасаввур қилмаслик шарти билан. Уни нарса деганда жисмсиз, моддасиз, модданинг сифатларисиз, чегарасиз, акссиз, тенгсиз, мислсиз деб билмоқ керак бўлади.

Қуръонда Ўзи зикр этганидек, Аллоҳнинг қўли, юзи, нафси (Ўзи) бор деб биламиз. Булар Унинг сифатларидан, лекин қандай, қанақа дейилмас. Ҳатто, қўли-қудрати ёки неъмати ҳам деб таъвил этилмас. Акс ҳолда, унинг бир сифатини йўққа чиқарилган бўлур. Бу эса қадарийлар ва мўътазилийлар сўзидир. Биз айтамизки, қўли ўзига хос, кайфиятсиз сифатдир. Шунингдек, Унинг ғазаби ва ризоси ҳам ўзига хос кайфиятсиз сифатларидандир.

“Фиқҳи акбар”дан

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 18 февралда эълон қилинган  339 марта кўрилган