Тирикларнинг марҳумлар учун қиладиган дуолари, садақа ва эҳсонлари фойдадан холи эмас. Аллоҳ таоло дуоларни қабул этувчи, ҳожатларни раво кўрувчи зот. У ҳамма нарсага молик, Унга ҳеч ким молик эмас. Оламни бир лаҳза ҳам Худосиз тасаввур этиб бўлмайди. Кимки ўзини Усиз мустақил деб бир лаҳза тасаввур этса, диндан чиқиб ҳалокат аҳлига мансуб бўлур. Аллоҳ таолонинг ғазаби ва ризоси бор, лекин бандаларидагидек эмас.

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг барча саҳобаларини дўст тутамиз. Дўст тутишда ҳаддан ошиб, шуҳратпарастликка ўтиб кетмаймиз. Улардан ҳеч кимни душман тутмаймиз. Уларни ёмон кўрувчиларни ёмон кўрамиз. Уларга фақат яхши сифатларни нисбат берамиз. Уларга муҳаббат боғлаш дин, имон, эҳсон белгиси. Уларни ёмон кўриш куфр, нифоқ ва туғён аломатидир.

Расулуллоҳ (с.а.в.) вафотларидан сўнг халифалик умматнинг афзали ва пешвоси бўлмиш Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)га, сўнг Умар Форуққа, сўнг ҳазрат Усмон зуннурайнга, сўнг ҳазрат Али Муртазо (р.а.)га насиб бўлди. Бу тўрт халифани «Хулафойи рошидин», яъни тўғри йўл тутган пешво халифалар дейилади.

Ўнта саҳобани Пайғамбар (а.с.) жаннат аҳли, деб башорат берганлар. Улар: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Талҳа, Зубайр, Саъд, Саид, Абдураҳмон ибн Авф ва Абу Убайда ибн Жарроҳ (р.а.)дир.

Ким Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобалари ва аёлларини турли ёмон сўзлардан поклаб, яхши сифатлар билан ёд этса, шунингдек, зурриётларини ҳам турли ношойиста сифатлардан ҳимоя қилиб зикр этса, мунофиқлик иснодидан ўзини пок тутган бўлади.

Саҳобалар ва тобеъинлар аҳли хайр, аҳли фиқҳ, аҳли ривоят, улуғ мартабали зотлардир. Уларни фақат яхшилик билан ёд этиш лозим. Ким уларга ёмонликни нисбат берса, ўта адашганлардан бўлур.

Авлиёлардан ҳеч бирини пайғамбарларнинг ҳеч биридан ортиқ санамаймиз, балки битта пайғамбар барча авлиёлардан афзалдир. Авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Бунга ишончли ривоятлар бор.

Қиёмат аломатларига ҳам ишонамиз. Масалан, Дажжолнинг чиқиши, Исо (а.с.)нинг осмондан тушишлари, қуёшнинг ғарб томондан чиқиши, ер ҳайвонининг чиқиши кабилар.

Фолбинлар сўзини тасдиқ этмаймиз. Қуръон, ҳадис ва ижмои Умматга хилоф гапларни қабул қилмаймиз.

Жамоатни ҳақ ва тўғри деб ҳисоблаймиз. Тафриқани залолат ва азоб деб биламиз. Аллоҳнинг дини ерда ҳам, осмонда ҳам бир, яъни ислом динидир. Бу дин ўртаҳол, мукаммал, оммабоп диндир. Мана шулар бизнинг ички ва ташқи ақидамиз ва динимиздир. Шуларга хилоф қилувчиларга биз мухолифмиз.

Аллоҳ таолодан ҳаммамиз учун имонда собитқадамлик, имон билан ўтиш, турли ботил ақидалардан сақланиш, аҳли сунна вал жамоада барқарор бўлишни сўраймиз. Барчамизга тавфиқ ато этгай!

“Ал-ақидатут Таҳовия” рисоласидан

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 13 декабрда эълон қилинган  607 марта кўрилган