Амалларимизни ёзиб борувчи (кироман котибин) фаришталар борлигига, жон олувчи фаришта (Азроил а.с.)га ишонамиз.

Қабрда баъзи мустаҳиқ кишиларга азоб бўлишини, Мункар ва Накир деган икки фаришта кириб марҳумдан Рабби, дини ва пайғамбари ҳақида савол қилишини ҳақ деб биламиз. Қабр кимгадир жаннат боғларидан бири, кимгадир дўзах қудуқларидан биридир.

Қиёмат куни қайта тирилишимизга, амалларимизга мувофиқ жазо ва мукофот олишимизга,  номаи аъмолларимизни ўқишимизга, пулсирот кўприги ва амал тарозисига, ҳозир ҳам мавжуд, йўқ бўлмайдиган жаннат ва дўзахга ишонамиз. Бу икки манзилни ҳаммадан олдин яратиб, уларга муносиб ўз аҳлларини ҳам сўнг халқ этди. Ҳар бир инсон ўзининг борадиган манзилига лойиқ иш қилиб боради.

Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бандаларга азал тақдирда битиклидир.

Аллоҳ таоло ҳеч кимни тоқати ва қудрати етмайдиган ишга буюрмайди. Тоқат ва қудрат эса фақат шу ишни бажаришда намоён бўлади. Аммо таклиф соғлом одамга ишни бажармасдан олдин юборилиши мумкин.

Бандаларнинг қилаётган ишларини аслида Аллоҳ яратади. Уларни тоқатлари етмайдиган ишга таклиф қилмайди. Уларнинг қудрати ҳам таклиф этилган нарсагагина етади. Бу қуйидаги калиманинг тафсиридирким, “Ло ҳавла ва қуввата илло биллоҳ”дир. Маъноси: “Аллоҳга гуноҳкор бўлмасликнинг ҳеч чораси йўқ, магар Аллоҳнинг ёрдами билангина мумкиндир. Аллоҳга итоат қилишга ҳеч кимнинг қудрати етмас, магар Аллоҳнинг тавфиқи билангина мумкин бўлур”.

Ҳар бир иш Аллоҳнинг хоҳиши, илми, тақдири билангина бўлур. Аллоҳнинг хоҳиши барча хоҳишлардан устундир. Қазо ва қадари эса барча ҳийла ва тадбирлардан ғолибдир. Аллоҳ ўзи хоҳлаган ишни қила билур. Лекин ҳаргиз зулм қилмас. У ҳар қандай ёмонлик, айбу нуқсондан холидир. “У ўзи қиладиган бирор нарса ҳақида жавобгар эмас, балки улар (Аллоҳнинг олдида бандалар) жавобгардирлар” (Анбиё, 23).

Шайх Абдулазиз Мансур

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 22 октябрда эълон қилинган  455 марта кўрилган