Мусулмон жамоасига мухолиф бўлмаймиз. Қибла аҳлини, гуноҳ иш қилсалар ҳам, кофир санамаймиз, башарти уни гуноҳ иш эканлигини кўр-кўрона инкор этмаса.

Имонли кишига қилган гуноҳи мутлақо зарар бермайди ҳам демаймиз. Солиҳ мўминларнинг тавбаларини қабул этиб, гуноҳларидан ўтиб, жаннатга дохил қилади деб Аллоҳдан умид қиламиз. Аммо улардан қатъий хотиржам бўлиб, жаннатий деб гувоҳлик бермаймиз.

Мўминларнинг гуноҳкорлари ҳаққига истиғфор айтамиз. Уларга Аллоҳнинг азоби бўлишидан хавфсираймиз. Аммо уларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмаймиз. Аллоҳнинг азобидан хотиржам бўлиш ва раҳматидан ноумид бўлиш исломдан бегона қилиб қўяди. Ҳақиқат умид ва қўрқув ўртасидадир. Мўмин киши имондан чиқиши учун имонга киришига сабаб бўлган нарсаларни инкор этган бўлиши керак.

Имон Расули акрам (с.а.в.) Аллоҳ томонидан келтирган барча маълумотларни тил билан иқрор қилиб, дил билан тасдиқлашдир.

Расулуллоҳ (с.а.в.) орқали бизга етказилган барча шариат аҳкомлари ва изоҳларини ҳақ деб биламиз.

Имон бир бутун яхлит маънавий нарсадир. Имон аҳли бу жиҳатдан баробардирлар. Мўминлар бир-бирларидан Аллоҳдан қўрқувда, тақвода, нафсни тийишда ва бошқа амалларда фарқ қилурлар.

Мўминларнинг ҳаммаси Раҳмоннинг дўстларидир. Унинг наз-дида ким итоаткорроқ ва Қуръонга амални зиёда қиладиганроқ бўлса, ўша инсон бошқалардан азиз ва мукаррамроқдир.

Имон – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, Аллоҳнинг яхши-ёмон тақдирига ва ўлгандан кейин тирилтиришига ишонмоқликдир. Биз шуларнинг ҳаммасини ҳақ деб ишонамиз, пайғамбарларнинг ҳеч бирини ажратмай, китобларини тасдиқ этган ҳолда имон келтирамиз.

“Ал-ақидатут Таҳовия” рисоласидан

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 26 июлда эълон қилинган  55 марта кўрилган