Аллоҳ ҳузуридаги барча нарсалар тақдири ёзилган Лавҳ ва Қаламнинг ҳақлигига ҳам имон келтирамиз. Ҳамма халқ бирлашиб, Лавҳул маҳфуздаги “бўлади” деб қўйилган ишни бўлдирмасликка уринсалар ҳам, асло қўлларидан келмайди. Шунингдек, “бўлмайди” деб ёзиб қўйилган ишни ҳам бўлдира олмайдилар. Қиёматгача бўладиган ишларни қалам ёзиб битирган ва сиёҳи қуриб битган. Бир банда хато иш қилган бўлса, демак, у тақдир бўйича шундай қилиши керак бўлган, тўғри иш қилган бўлса ҳам худди шундай.
Ҳар бир банда шуни яхши билмоғи керакки, Аллоҳ таоло барча бўладиган ишларни олдиндан билган ва шу илмига биноан қатъий тақдирини белгилаб қўйган. Унинг тақдирини ўзгартириб қўядиган бирор куч мавжуд эмас. Яратган еру осмонларида бирор нуқсон ёки ортиқчалик йўқ. 
Бас, ким азал тақдирида Аллоҳнинг душмани деб ёзилиб қолган, дили Аллоҳ учун эримайдиган тошбағир бўлса, ўзининг ноқис ақли билан ғайбий нарсаларни билишни даъво қилса ва бу ишлари билан ёлғончи номини олиб осий бўлса, унинг ҳолига вой!
Арш, курсий каби улкан мавжудотлар борлиги ҳақ. Аллоҳ уларга ва бошқа нарсаларга ҳам муҳтож эмас, балки ҳамма катта-кичик бепоён махлуқот ва мавжудот унинг қўлидадир.
Аллоҳ таоло Иброҳим (а.с.)ни дўстим деган, Мусо (а.с.) билан гаплашган. Буларга тасдиқ ила имон келтирамиз. Фаришталарга, пайғамбарларга ва уларга туширилган илоҳий китоб ҳамда саҳифаларга имон келтирамиз. Пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам тўғри ва ҳақ йўлда бўлганлар. Бизнинг қибламизга қараб намоз ўқигувчиларни мусулмон санайверамиз. Шарт шуки, Муҳаммад (с.а.в.) келтирган барча маълумотларни эътироф этадиган бўлишсин.
Аллоҳнинг зоти тўғрисида чуқур фикр юритмаймиз. Унинг дини ҳақида ҳам баҳсу жадал қилмаймиз. Қуръони карим тўғрисида ҳам худди шундай. Қуръон Аллоҳнинг каломи, уни Жаброил (а.с.) олиб келиб, Муҳаммад (с.а.в.)га таълим берганлар, деб имон келтирамиз. Қуръон сўзига тенг келадиган сўз йўқ. Уни яратилган демаймиз. Аллоҳнинг каломи махлуқ эмас, балки унинг лафзу ҳарфлари, қоғоз ва қироати махлуқ.
 
“Ал-ақидатут Таҳовия” рисоласидан
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 28 июнда эълон қилинган  64 марта кўрилган