Аллоҳ таоло истаган бандасини ўз хоҳиши билан гуноҳ-маъсиятлардан сақлаб, ҳидоят йўлига солиб қўяди. Хоҳлаган бандасини ўз адли билан адашган ҳолича қўйиб, ёрдамсиз қолдиради. Ҳамма Унинг ё фазлига ёки адлига учраб туради. Унинг на акси бор ва на тенги. Унинг қазо ва тақдирини ҳеч ким тўса олмайди. Унинг ҳукми қатъий ва амри ҳамиша ғолибдир. Буларнинг ҳаммасига имон келтирамиз.

Муҳаммад (с.а.в.) Унинг танлаган қули ва охирги пайғамбаридир. У зотдан кейин қилинган ҳар қандай пай-ғамбарлик даъвоси ёлғондир. Ул ҳазрат барча жин ва Одам авлодларига юборилган ҳақиқий пайғамбардирлар.

Қуръон Аллоҳнинг сўзидир. Унинг ҳузуридан Расулуллоҳ (с.а.в.)га ваҳий орқали сўзма-сўз нозил қилинган. Буни барча мўминлар ҳақ деб ишонмоқлари шартдир. Аллоҳнинг каломи инсон каломидек эмас. Ким уни эшитганда инсон сўзи деб эътиқод қилса, диндан чиқиб кофир бўлади. Бу ҳақда Аллоҳнинг ўзи Қуръони каримда хабар бериб: “Ундай шахсни Сақар дўзахига соламан”, деган. Демак, Қуръон инсоннинг сўзи эмас, балки инсонни ҳам яратган Холиқнинг каломи экан. Ким Аллоҳни таърифлаганда Уни инсонга ўхшатса, кофир бўлиб қолади. Унинг барча сифатлари инсон сифатларига ўхшамайди деб билиш зарур.

Жаннат аҳли Аллоҳнинг дийдорини кўради, лекин макон ва кайфиятсиз. Бунга мазкур оят далил: “Ушбу кун баъзи кишиларнинг юзлари Парвардигорига қараган ҳолда хурсанддирлар”. Бунинг тафсири ва ҳақиқати Аллоҳнинг иродаси ва илмига ҳавола. Ҳадиси шарифларда Аллоҳнинг дийдорини кўриш хусусида келган хабарларга бешак ишонамиз, лекин ўзимизча таъвил ёки шарҳ қилмаймиз.

 «Ал-ақидатут-таҳовия» рисоласидан

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 4 январда эълон қилинган  776 марта кўрилган