Аллоҳнинг тавҳиди тўғрисида унинг тавфиқи билан чин дилдан эътиқод қилган ҳолда қуйидагиларни айтамиз ва уларга ишонамиз:

Аллоҳ бирдир, Унинг шериги йўқдир, Унинг тенги ва тимсоли йўқдир, Уни енгадиган ва ожиз қолдирадиган бирор куч йўқдир, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У қадимдирки, ибтидосиз ва доимийдирки, интиҳосиз. У фоний эмас ва асло йўқ бўлмас. Барча иш фақат унинг ирода-хоҳиши билан бўлур. Унинг моҳиятига ақл етмас. Унинг ҳикматини ҳеч бир кимса фаҳм этмас. У одамларга ўхшамас. Тирикдир – ўлмас, қойимдирки, ухламас. У яратувчидир, лекин Ўзи беҳожат. Ризқ берувчидир, лекин Ўзи ҳақ олмас. У ўлдирувчидир, лекин қўрқмас. Яна тирилтирувчидир, лекин бемашаққат. Барча сифатлари ҳеч нимани яратмай туриб ҳам мавжуд бўлган. Яратгандан кейин Унга бирор сифат қўшилиб қолган эмас. Азалий бўлган сифатлари абадий боқий қолур. Холиқлик сифатини оламни халқ этганидан кейин олгани йўқ. У Парвардигордир, лекин ўзи парваришга муҳтож эмасдир. Ўзи Холиқдир, махлуқ эмас. Ўзи жон ато этган махлуқларини ўлганларидан кейин қайта тирилтиргай, лекин бу сифати тирилтирмай туриб ҳам мавжуд эди. У ҳамма нарсага қодир, ҳамма нарса Унга муҳтождир. Ҳамма иш Унга осондир. Бирор нарсага зор эмасдир. Унинг ўхшаши, тенги йўқдир. У эшитувчи ва кўрувчидир. Барча махлуқотни ўз илми билан билиб яратган ва уларни ўлчов ва муддат билан белгилаб қўйган. Уларни яратмай туриб ҳам ҳеч нарса Унга махфий эмас эди. Одамларни яратмай туриб нима ишларни қилишини билган. Билиб туриб уларни итоат қилишга буюрган, итоатсизликдан қайтарган. Ҳамма нарса Унинг тақдири, хоҳиши билан бўлур. Унинг хоҳиши ҳамиша устундир. Одамларнинг хоҳиши Унинг хоҳишига боғлиқдир. Яъни, У нимани хоҳласа бўлади, хоҳламагани бўлмайди. Хоҳлаган бандасини ўз хоҳиши билан гуноҳ-маъсиятлардан сақлаб, ҳидоят йўлига солиб қўяди.

Шайх Абдулазиз Мансур

 “Ал-ақидатут-таҳовия” рисоласидан

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 4 декабрда эълон қилинган  652 марта кўрилган