1. Аллоҳ яратган, сўнгра унга: “Ёз!” деб айтган қалам. Бу қаламларнинг биринчиси ва афзалидир. Ушбу қалам Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло: “Нун. Қалам ва (у билан) ёзишадиган нарса (битик)ларга қасамки”, (Қалам, 1), деб қасамёд қилган қаламдир.

2. Ваҳий қалами. Бу қалам билан Аллоҳнинг набий ва расулларга юборган ваҳийи ёзилар эди. Бунга Набий (с.а.в.) Исро кечасида эшитган нарсаларини баён этганларида ишора қилганлар. Ўшанда у киши қаламларнинг шитирлашини эшитганлар. Ушбу қаламлар ила Аллоҳ таоло осмону ерда махлуқотлари ҳақида тадбир қилган ишлар ёзилади.

3. Бану Одамнинг яратилишига боғлиқ қалам. Бу борада бир неча ҳадислар келган. Уларда Аллоҳ таоло Бану Одамнинг ишларини, ризқларини, ажалларини, бахтли ва бадбахтликларини Одам (а.с.)ни яратишидан кейиноқ тақдир қилганига далолат этувчи маъно келган.

4. Онасининг қорнида болага юбориладиган фариштанинг қалами. Бас, ўша болага руҳ пуфланади ва тўрт калимани ёзишга амр қилинади. Унинг ризқи, ажали, амали, бадбахт ёки некбахтлиги (саодатмандлиги) ёзилади. Булар саҳиҳ ҳадисларда келган.

5. Киромул котибин фаришталарнинг қалами. Улар банда балоғатга етганидан бошлаб ҳар бир қилган ишини ёзиб борадилар. Қуръони каримда: “Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар” (Инфитор, 10-12), дейилади.

“Ақидатут Таҳовия шарҳининг талхийси”дан

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 5 июнда эълон қилинган  784 марта кўрилган