июн 04

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (с.а.в.)га хитоб қилиб: (Эй, Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга Кавсарни ато этдик”, деган (Кавсар, 1).

“Кавсар” сўзи луғатда кўп яхшилик, жуда ҳам кўп яхшилик маъносини англатади. Арабларда сони, қадр-қиммати ва аҳамияти жиҳатидан кўп бўлган нарсага “кавсар” дейилади.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади: “Кавсар жаннатдаги дарё бўлиб, унинг икки қирғоғи олтиндан, ўзани дуру ёқутдан; тупроғи мушкдан хушбўй, суви асалдан ширин, қордан оқдир. Ким ундан бир ичса, кейин абадий чанқамайди”.

Имом Муслим ва имом Термизийлар Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда эса қуйидагилар айтилади:

“Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) орамизда эдилар, бир оз жим туриб қолдилар-да, сўнг табассум-ла бошларини кўтардилар.

“Сизни нима кулдирди, эй Аллоҳнинг Расули?” дедик.

Менга ҳозиргина бир сура туширилди”, деб, “Бисмиллоҳ” билан “Кавсар” сурасини қироат қилдилар. Сўнгра: “Кавсар нималигини биласизларми?” дедилар.

“Аллоҳ ва унинг Расули билувчидирлар”, дедик.

У Раббим азза ва жалла менга ваъда қилган наҳрдир. Унда кўп яхшилик бордир. У қиёмат куни умматим келиб ҳузуримда сув ичадиган ҳовуздир. Унинг идишлари юлдузлар ададича”.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилишича: “Албатта, ҳар бир пайғамбарнинг ҳовузи бордир. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳовузлари энг катта, энг ширин ва энг кўп одам келадиганидир”.

Ва Пайғамбар (с.а.в.)нинг: “Менинг ҳовузимнинг миқдори Ийлаадан Яманнинг Санъоси қадардир. Унда осмондаги юлдузлар сонича идишлар бордир”, деган ҳадислари ҳам Кавсар ҳавзаси мавжудлигига далолат қилади.

Сунний ақийдалар”дан олинди

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 4 июнда эълон қилинган  761 марта кўрилган