V. Қуръон ўқийлик, токи…

Қуръоннинг бизга таъсири қандай? Муборак Каломдан қанчалик ҳаяжонга тушамиз?

"Эй бандам! Мендан уялмайсанми? Йўлда кетаётган пайтинг дўстларингдан мактуб олсанг, ҳамон бир четга чиқиб, синчковлик билан ўқийсан ва нима демоқчи бўлганини англаш учун бор диққатингни қаратасан. Ҳолбуки, Мен сенга "Китоб" юбордим. Унда эни-ю бўйига тушуниб, амал қиласан дея такрор-такрор буюрган амрларим бор. Сен улардан юз ўгирасан, бўйсунмайсан. Сен учун ўша дўстингча қадр-қимматим йўқми?

Эй бандам! Баъзи яқинларинг билан суҳбатлашаркансан, жон қулоғинг билан тинглайсан, уларга яна-да яқинроқ ўтирасан. Ҳатто бирортаси озгина ҳалақит берса, танбеҳ берасан. Мен сенга йўналиб, сен билан суҳбат қурганим ҳолда, кўнглинг билан тингламайсан. Сенинг назарингда ўша яқинларингча қимматим йўқми?!" Имом Ғаззолий "Иҳёи улумид-дин"да келтирган ушбу парча бизнинг аҳволимизга изоҳдек гўё.

Қалбимиз кимга, нималарга муҳаббат билан тўлган? Кўнгил ойнамизда ненинг сурати? Қалб нималарни, қандай воқеаларни бахт дея қабул қилмоқда? Бутун фан-техника ютуқлари башариятга бахт ҳадя этиш учун хизмат қиларкан, нега инсон бахтсиз ва ёлғиз?..

Улуғлардан бири танҳоликда кун кечираётган обиддан сўради: "Ҳамроҳсиз, ёлғизликда, бирор гаплашадиган одаминг йўқ қандай яшаяпсан?" Обид ёнидаги Қуръони каримни кўрсатиб деди:

– Каломуллоҳдан яқин ҳамроҳ бўлиши мумкинми?..

Ҳаёт наздимизда узун, аслида эса жуда қисқалигини ва ҳамма нарсанинг ниҳоясига етишини билсак, ёлғиз эмасмиз. Чунки фано (йўқ бўлиш)ни билган киши тавҳид йўлидадир. Бу йўлда бораётган кимсанинг эса дўсти Аллоҳ, йўлбошчиси Қуръон.

Буларни билдик, англадик. Демак, навбат Қуръон ўқишга. Токи Расулуллоҳ (с.а.в.) тавсия қилганларидек, муборак Китобни ўқиш билан занглаган қалбларимиз жило топсин…

Зумрад Фозилжон қизи тайёрлади

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: