Пайғамбаримиз ва аҳком оятлари

571 йили Маккада туғилган Муҳаммад (с.а.в.)нинг пайғамбарлик даврлари 610-632 йилларни ўз ичига олади. Пайғамбаримиз ушбу даврнинг 12 йилини Маккада, 10 йилини эса Мадинада ўтказганлар. Шунинг учун ҳам у зотнинг ҳаётлари «Макка даври» ва «Мадина даври» дея иккига ажратилади. Мазкур икки даврнинг ўзига хос томонлари бор. Ҳар икки шаҳарда ҳам оятлар нозил бўлган, Расулуллоҳ (с.а.в.) бу оятларни одамларга етказганлар ҳамда уларни шарҳлаб, ҳаётга қандай татбиқ этилиши лозимлигини тушунтириб берганлар ва бу борада ўзлари ўрнак бўлганлар.

Макка даври. Муҳаммад (а.с.) пайғамбарлик даврларининг ярмидан кўп қисми – 12 йил, 5 ой, 13 куни Маккада кечди. Маккада Аллоҳнинг амри билан Исломга даъватни бошлаган Расулуллоҳ (с.а.в.)га ваҳий нозил бўлар, у зот бу ваҳийларни одамларга етказар эдилар. Мана шу даврда инган оятларга «маккий оятлар» дейилади. Суралар ва оятлар тўплам ҳолида ва бирданига нозил бўлмаган. Аллоҳ таоло тақдир қилган ҳолат ва эҳтиёжларга кўра оят-оят, парча-парча ва баъзан сура-сура ҳолида нозил қилган. Макка даврда Қуръон сураларининг 19/30 нозил бўлган. Шунга кўра, олимлар томонидан 6666 та деб юритиладиган бутун оятларнинг 4500 тага яқинини маккий оятлар ташкил қилади.

Маккада туширилган оятлар кўпроқ янги динга даъват, диннинг асослари, эътиқод ва аҳлоқ меъёрлари, дуо ва панд-насиҳат каби ҳукмлар ва мавзуларни ўз ичига олади. Аслида ибодатлар ва ҳуқуқ асосан эътиқод ва аҳлоққа таянади. Маккий оятлар арабларни жоҳилия даврининг ҳар хил ёмонликларидан, куфр ва ширкдан узоқлаштиришга қаратилган. Ибодатлар билан боғлиқ бир қисм ҳукмлар ушбу даврга оид. Маккада намоз ва унга тегишли ибодатлар фарз қилинган бўлиб, бошқа ибодатлар бу даврда буюрилмаган.

Никоҳ, талоқ, ийло, зиҳор ва қасам мавзуларига тегишли ҳукмлар ушбу даврда туширилган.

Маккада нозил бўлган ҳуқуқий ҳукмлар ҳам саноқ жиҳатидан кам, ҳам умумий ва мужмал характерга эга.

Макка даврининг охирларига бориб Пайғамбар(а.с.)нинг мадиналиклар билан қилган байъатларида одам ўлдириш, ўғрилик ва зино кабиларга оид баъзи ҳукмлар жорий бўлди.

Маккада нозил бўлган аҳком оятларини бундай даврлаштириш мумкин:

610 йили (пайғамбарлик/ биъсат йили): Намоз (эрталабки ва кечқурунги), таҳорат.

621 йили (ҳижратдан бир йил олдин): Беш вақт намоз.

Мадина даври. Маккада қийноғу исканжалар қуршо-вида қолган Пайғамбар (а.с.) ва у кишининг Исломга даъва-тини қабул қилиб, мусулмон бўлган саҳобалари ўн икки ярим йиллик бу қийинчиликлар ортидан ансор номини олган бир қисм ясриблиларнинг чақириғи, ёрдами ва қўриқлашга доир берган сўзларига биноан она юртларини ташлаб, Ясриб(Мадина)га ҳижрат қилдилар.

Қуръони карим оятларининг 1/10 га яқин қисми бевосита ҳуқуқий ҳукмларга тегишли бўлиб, уларни аҳком оятлари дейилади. Аҳком оятларининг кўп қисми Мадинада нозил бўлган, улар кўпроқ Қуръоннинг бошларида келадиган 30 га яқин суралардан жой олган.

Аҳком оятларининг миқдори борасида турли хил рақамлар берилади. 150 дан 500 га, такрорлар билан бирга салкам 900 гача ўзгариб турадиган бу миқдор ҳар бир олимнинг Қуръоннинг билиш савиясига кўра ўзгариб туради. Бевосита ҳуқуққа боғлиқ деб ҳисобланмаган оятлар вақт ўтиб ҳуқуққа оид деб қаралиши мумкин. Шу жиҳатдан, уларнинг миқдори борасида аниқ бир рақам айтиш мумкин эмас.

Рўза, закот, ҳаж каби ибодатларга тегишли оятлар, аҳдга вафо каби ахлоқ ва ҳуқуқнинг асоси бўлган оятлар, никоҳ, талоқ, валоят, васийлик, нафақа каби оила ҳуқуқига тегишли оятлар, олди-сотди, жиноят, ўғрилик, зино каби жазо ҳуқуқига тегишли оятлар, суд, халқаро ҳуқуқ ва молияга тегишли оятлар бутун ҳуқуқий тафсилотлари билан Мадинада нозил бўлган. Бу оятлар Қуръоннинг маълум бир жойида ёки сурасида бўлмасдан, турли ерларда тарқоқ ҳолатдадир. Аҳком оятлари баъзан бир оят ҳолида, баъзида эса оятлар мажмуасини ўз ичига олади. Баъзи сураларнинг номи эса унда келадиган ҳуқуқий масаладан келиб чиққан. (Мас.:Талоқ, Моида, Анфол, Тахрим, Жума…).

Ислом ҳуқуқининг пойдеворини ташкил қиладиган ҳукм оятлари миқдорини умумий тасниф ичида мавзуларга кўра шундай кўрсатиш мумкин:

1. Ибодатлар (Аллоҳ билан инсон алоқалари) : таҳорат, ғусул, таяммум, намоз, закот, ҳаж, умра, қурбонлик қилиш, қасам, каффоратга оид оятлар сони 250 атрофида бўлиб, уларнинг бир қисми такрор ёки қўшимчалар ва изоҳлардан иборат.

2. Муомалот (Инсон билан инсон алоқалари): Одамлар орасидаги ўзаро алоқаларни тартибга солишга қаратилган оятлар миқдори салкам 230 тани ташкил этади. Буларнинг мавзуларига кўра шундай тартиблаш мумкин:

А) Оила ҳуқуқи (аҳволи шахсийя)га оид ҳукм оятлари 70 та;

Б) Қарз, шартномалар ҳуқуқи 70 та оят;

В) Жазо ҳуқуқи 30 оят;

Г) Суд ҳуқуқи 13 та оят;

Д) Бошқарув ҳуқуқи 10 та оят;

Е) Халқаро ҳуқуқ 25 та оят;

Ё) Молия ҳуқуқи 10 та оят.

Мадина даврида нозил бўлган аҳком оятларининг қуйидагича даврлаштириш мумкин:

Биринчи йил: Жума хутбаси, азон, никоҳ, жиҳод, тарозу-ўлчовга тегишли ҳукмлар;

Иккинчи йил: Рўза, қурбонлик, закот, қибланинг ўзгариши, уруш ҳуқуқи, ўлжалар ва уларнинг тақсимоти;

Учинчи йил: Мерос, талоқ, фоиз, ҳаж арконлари;

Тўртинчи йил: Қаср намози, қўрқув пайтида намоз, таяммум билан боғлиқ якуний ҳукмлар, номусли одамга туҳмат қилишнинг жазоси, ўраниш, уйларга изн сўраб кириш ҳамда ҳаж ва умрага оид ҳукмлар;

Бешинчи йил: Ийло (аёлига жинсий яқинлик қилмаслик ка қасам ичиш) ҳақидаги ҳукм;

Олтинчи йил: Келишув, ҳаж ва умра йўлидан тўсилиш, ичкилик ва қимор ўйинларининг ман этилиши, зиҳор, исён ва боғийликнинг жазоси;

Еттинчи йил: Баъзи ҳайвон гўштларининг ҳаром қилиниши;

Саккизинчи йил: Қасос, етимлар, оила ҳуқуқи, мерос;

Тўққизинчи йил: Мулоъана (аёлига зино айбини қўйиб ажралиш);

Ўнинчи йил: Фоиз(судхўрлик)нинг таъқиқланиши, талоққа оид ҳукмлар, жазонинг ҳар бир шахсга тегишлилиги, васият молнинг фақат учдан бири билан чегараланиши ҳақидаги ҳукмлар жорий бўлди.

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: