IX. Намоздаги амаллар маъноси: сажда Муҳим

“Сажда” сўзи аслида “ўзини паст тутиш”, “эгилиш”, “хотиржам бўлиш” маъноларини англатади.

Сажда банданинг Аллоҳ таолога муҳтожлигини, камтарлигини изҳор этишнинг энг юқори нуқтасидир. Чунки инсон саждада энг шарафли, азиз аъзоси бўлмиш бошини ерга қўяди. Одатда, сажда қилганда пешона тупроққа тегади, чанг бўлади. Мана шу ҳолат қалб тавозеси, Аллоҳ учун хушу қилганлик белгисидир. Шунинг учун банда саждада Аллоҳга жуда яқин бўлади. Агар зоҳирий саждага қалб саждаси ҳам қўшилса, нур устига нурдир.

Мутакаббир мушриклар Аллоҳ учун сажда қилишни хушламасди. Ҳатто айримлари: “Мен сажда қилишни ёмон кўраман. Чунки сажда қилсам, остим бошимдан тепада бўлиб қолади”, деб айтарди. Яна баъзи мушриклар қўлига бир сиқим тупроқ олиб, пешонасига теккизар, “Мана шу мен учун кифоя қилади”, дерди. Иблис ҳам Одам (а.с.)га сажда қилишдан бўйин товлагани сабаб лаънатга учраган. Чунки у Аллоҳ тупроқдан яратган инсон зотига бош эгишдан кибр қилган, Парвардигори амрига итоат этмаган. Ким кибрни енгиб, Раббига ихлос-ла сажда қилса, Унга яқинлашади.

Қуръони каримда айтилишича, осмонлар ва ердаги барча жониворлар, фаришталар кибрланмаган ҳолда Аллоҳга сажда қиладилар (Наҳл, 49). Улардан фарқли ўлароқ, ҳазрати инсон Аллоҳ таоло учун ўз ихтиёри билан пешонасини ерга қўяди. Бунинг эвазига улуғ ажр-мукофотлар олади.

Шунингдек, икки сажда ўртасида, ташаҳҳудда қўлларни тиззага қўйиб ўтириш банданинг Аллоҳга итоатгўйлигини, камтарлигини билдиради.

Тақвимдаги мавзуга оид туркум мақолаларни

Зиёвуддин Раҳим тайёрлади.

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: