III. Масжид одоблари Муҳим

Масжидга киргач, “Ассалому алайкум”, деб салом берилади. Агар ҳеч ким бўлмаса, “Ассалааму алайнаа, ва алаа ибаадиллааҳис солиҳийн” (Бизга ҳамда Аллоҳнинг солиҳ бандаларига саломатлик-тинчлик бўлсин), дейилади. Кейин икки ракат нафл намози ўқилади.

Набий (с.а.в.) бундай деганлар: “Агар биронтангиз масжидга кирса, икки ракат намоз ўқимасдан (олдин) ўтирмасин” (Муттафақун алайҳ).

Мазкур намоз “таҳиятул масжид” дейилади. Уни намоз ўқиш мумкин бўлган вақтларда адо этиш жоиз. Намоз ўқиш ҳаром ёки макруҳ пайтларда, имом хутба қилаётганда ўқилмайди.

Киши бомдод намозининг икки ракат суннатини уйида ўқиган бўлса, масжидга келиб намоз ўқимайди, бомдоднинг фарзини кутади. Чунки бомдод вақти кирганидан кейин икки ракат суннати муаккада намозидан бошқа нафл намоз ўқилмайди.

Шунингдек, шом намозига келган киши масжидга кириб таҳиятул масжид намози ўқимайди. Чунки, одатда, шом намозига қуёш ботаётганда келинади. Бу пайтда ҳеч қандай намоз ўқиш жоиз эмас. Шомга азон айтилгач, аввал уч ракат фарз, ундан ке-йин икки ракат суннат намози ўқилади.

Масжидга киргач, иложи бўлса, биринчи сафдан жой олади. Лекин ўзи учун алоҳида жойни хослаб олмайди, бўш ўринга ўтиради.

Агар намозгача бироз вақт бўлса, қиблага юзланган ҳолда Қуръон ўқийди, Аллоҳни зикр қилади, салавот, истиғфор айтади ёки китоб мутолаа қилади.

Масжидга вақтлироқ келган киши намозни кутаётганини қалбдан ўтказади, ибодатга илҳақ бўлиб туради. Шунда намоз ўқиш савобини олади, фаришталар унинг ҳақига салавот айтиб туради.

Масжидда беҳуда, дунёга оид сўзлар гапирилмайди, баланд овоз чиқарилмайди, атрофдагиларга азият етказилмайди, Аллоҳни зикр қилиб ўтирилади.

Намозни адо этиб бўлгач, масжид дарвозасидан чап оёқ билан чиқилади. Кейин мана бу дуо ўқилади: “Бисмиллааҳ, вас-солаату вас-салааму алаа росулиллааҳ, аллоҳумма инний асъалука мин фазлик, аллоҳуммаъсимний минаш шайтонир рожийм”.

Маъноси: “Аллоҳнинг исми билан бошлайман, Расулуллоҳга салавот ва салом айтаман. Ё Аллоҳ, Сенинг фазлингдан сўрайман. Ё Аллоҳ, тошбўрон қилинган шайтондан мени сақла!” (Муслим ривояти).

Эътибор берган бўлсангиз, намозхон масжидга кираётганида Аллоҳнинг раҳматини, у ердан чиқаётганида фазлини сўрайди. Бунинг қандай ҳикмати бор? Масжидга кирган инсон Аллоҳнинг ажр-савобига эришади, жаннатга яқинлаштирувчи ибодат билан машғул бўлади. Бу ўринда раҳматни зикр этиш муносиброқдир. Масжиддан чиққач, ҳалол ризқ-рўз талаб қилади. Бу вақтда фазлни тилга олиш ўринли. Шунингдек, масжиддан чиқаётганда шайтондан ҳимояланиш сўралади. Чунки банда масжидда қўрғон ичида бўлади. Масжиддан ташқарида эса иблис уни йўлдан уриши эҳтимоли кўпроқ.

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: