II. Сабрнинг аҳамияти Муҳим

Сабрлилик – машаққатли дамларда бандани Аллоҳ таоло ёрдамига эриштирадиган гўзал фазилат. Энг оғир мусибатларга чидаш, ҳақни ҳимоя қилиш, Яратганнинг буйруқларига бўйсуниш, нафсга хуш, дин ва ақлга нохуш келадиган нарсалардан тийилиш, ҳар қандай соҳада муваффақиятга эришиш, жуда қийин ишларнинг уддасидан чиқиш фақат сабр билан мумкин.

Нафсини сабр ва саботга одатлантирган киши ҳамиша хотиржам бўлади. Бошига иш тушса, ўзини йўқотиб қўймайди, қийинчиликдан чиқиш йўлини қидиради. Чунки ҳаётда ҳамма нарса доимий ўзгаришда эканини, неъматлару йўқчилик ҳам, қувончу қайғу ҳам келиб-кетгувчилигини, одам бир хил ҳолатда туравермаслигини, умр синовлардан иборатлигини яхши билади.

Қуръонга боғланган мўмин ҳар қандай ҳолатда сабрли инсон демакдир. Бардош талаб этадиган ҳеч бир нарсада шошқалоқлик қилмайди. Ишларида вазминлик, меъёрга амал қилади. Зарур ўринда нафсига, истакларига ҳоким бўлади. Дунё ҳаётидаги қийинчи­ликларни табиий қабул қилиб, уларга сабр этганидек, охират яхшиликларига етказадиган амалларни қилишда ҳам сабот кўрсатади.

Сабрнинг намоз ва рўза билан боғланиши ҳам бежиз эмас. Бутун умр ҳар куни беш маҳал намоз ўқиш катта сабрни тақозо қилади. Рамазон рўзаси ҳам шундай. Зеро, инсоннинг энг заиф томони ейиш-ичиш эҳтёжи ва шаҳватдир. Мўмин рўза тутиш асносида ана шу истакларидан сабр ва сабот билан тийилади.

Собирлик билан банда нафсга тобеликдан қутулиб, озодликка эришади. Жаъфари Содиқнинг бундай дегани ривоят қилинади: “Озод одам ҳар қандай ҳолатда ҳам озоддир. Бошига мусибат тушса, сабр қилади. Бошидан балолар ёмғири ёғса ҳам талвасага тушмайди. Бироқ сабрсиз бўлса, енгилликлар ҳам машаққатга айланади. Бинобарин, Юсуф пайғамбарнинг қул қилиниши, зиндонбанд бўлиши ҳам ҳурлигига соя сололмади. Зиндон зулмати, бошига келган бошқа балолар у зотга зарар беролмади. Бир вақт келдики, Аллоҳ таоло лутфи билан ҳазрат Юсуф (а.с.) бошлиқ, у кишига зулм кўрсатганлар эса хизматчиларига айланди. Сўнгра Аллоҳ таоло у кишини пайғамбар сайлаш билан бир умматга раҳмат кўрсатди. Билингки, сабр ортидан яхшилик келади. Шундай экан, сабр қилинг, ажрини олинг”.

Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири “Сабур” бўлиб, ўта сабрли маъносини билдиради. Шубҳасиз, Аллоҳ таолонинг сабрини одамларники билан солиштириб бўлмайди. Раббимиз бандаларининг исён ва туғёнларини ўша заҳоти жазоламайди, ҳисобни охиратга қолдириб, уларга неъматларини беришда давом этади.

,

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: