Етти қироат ва қорилари

Пайғамбар (а.с.) даврларида саҳобаи киромлар учун Қуръони Каримни ўзлаштириб олиш қийин эмасди. Улар ҳаммалари юқори даражадаги олим кишилар эдилар. Кейин эса арабмас мусулмонлар араблардан кўпайиб кетди. Ушбу ва яна бошқа бир неча омиллар Қуръони Карим қироати бўйича алоҳида илм ва имомлар пайдо бўлишига олиб келди. Бир вақтлар қироатлар ва қорилар анча кўпайиб кетди. Аста секин уларни тартибга солиш бошланди. Ниҳоят етти қироатга иттифоқ қилинди. Бу қироатларнинг бир-биридан фарқи баъзи бир сўзларни талаффузида ва шунга ўхшаш кичик нарсаларда эди, холос. Улар худди бир қанча фиқҳий мазҳаблардан тўрттаси танлаб олинганга ўхшайди.

Иттифоқ қилинган етти қироат ва уларнинг имомлари ҳақида қисқача маълумот:

1. Амр ибн Аъло қироати. Имом Зайён ибн Аъло Мозаний Басрий 154 ҳ. йилда вафот этган.Унинг икки ровийси бўлган: Даврий ва Сусий. Қироат имомининг ровийси унинг қироатини илмий равишда қабул қилиб олиб бошқаларга етказишда хизмат қилган бўлади.

Абу Амр Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз Даврий 246 ҳ. йилда вафот этган. Абу Шуъайб Солиҳ ибн Зиёд ибн Абдуллоҳ Сусий 261 ҳ.йилда вафот қилган.

2. Ибн Касир қироати. Имом Абдуллоҳ ибн Касир Маккий 120 ҳ. йилда вафот қилган.

Унинг икки ровийси – Баззий ва Қунбуллар бўлиб, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абу Базза Маккий 250 ҳ. йилда вафот этган.

Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Холид ибн Саъид Маккий 291 ҳ. йилда Вафот этган.

3. Нофеъ қироати. Имом Абу Рувайм Нофеъ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Нуъайм Лайсий 169 ҳ. йилда вафот этган. У кишининг икки ровийси бўлган: Қолун ва Варш. Қолун – Исо ибн Миняя Маданий 220 ҳ. йилда вафот этган. Варш – Усмон ибн Саъид Мисрий 197 ҳ. йилда вафот этган.

4. Ибн Омир қироати. Имом Абдуллоҳ ибн Омир Яҳсибий 118 ҳ. йилда вафот этган.У кишининг икки ровийси бор: Ҳишом ва Ибн Заквон. Ҳишом ибн Аммор ибн Нусайр Қозий 245 ҳ. йилда вафот этган. Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башир ибн Заквон Қараший 242 ҳ. йилда вафот этган.

5. Осим қироати. Имом Осим ибн Абу Нажжуд Куфий. Имом Осимнинг кунялари Абу Бакр. У киши машҳур қори бўлганлар. Балоғат, фасоҳат ва ширин овоз ила қироат қилиш билан машҳур бўлганлар. Имом Осим тобеъинлардан бўлиб, Қуръони Карим қироатини Зирр ибн Ҳубайш ва Абудллоҳ ибн Масъуд (р.а.)дан олганлар. У киши яна имом Ҳасан ва Ҳусайн (р.а.)ларнинг устозлари Абдуллоҳ ибн Ҳабиб Силмийдан ҳам Қуръони Карим қироатини олганлар. Бу киши эса қироатни ҳазрати Али (р.а.)дан олганлар. У киши Расулуллоҳ (с.а.в.)дан олганлар. Имом Осим Куфада 128 ҳ. йилда вафот этганлар. У кишининг икки ровийлари: Ҳафс ва Шўъбалар бор.

Ҳафс ибн Сулаймон ибн Муғийра Баззоз Куфий. Куняси Абу Амр. Бу киши имом Осимнинг ўгай ўғли бўлган. У кишининг тарбиясида ўсган. Ёш болалигидан имом Осимдан Қуръони Карим қироатини ўрганган. Шунинг учун қироатни жуда ҳам чуқур ўрганган. Ҳафс ибн Сулаймон (раҳ.а.) 150 ҳ. йилда вафот этган.

Имом Осимдан Ҳафс ривоят қилган қироат ҳозирги кунда бутун дунёда тарқаган. Диёримизда ҳам қадимдан шу қироат жорий бўлган. Бизнинг қироат имомимиз имом Осим, ровиймиз Ҳафсдир.

Абу Бакр Шўъба ибн Аббос ибн Солим Куфий 193 ҳ. йилда вафот этган.

6. Ҳамза қироати. Имом Ҳамза ибн Ҳабиб ибн Аммора Зайят Таймий 156 ҳ. йилда вафот этган. У кишининг икки ровийси бўлган: Халаф ва Халлод. Халаф ибн Ҳишом Баззоз 229 ҳ. йилда вафот этган. Халлод ибн Холид Сайрафий Куфий 220 ҳ. йилда вафот этган.

7. Кисоий қироати. Имом Али ибн Ҳамза Кисоий 189 ҳ. йилда вафот этган. Унинг икки ровийси бўлган: Абу Ҳорис ва Ҳафс Даврий. Лайс ибн Холид Бағдодий 240 ҳ. йилда вафот этган. Абу Амр Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз Даврий 246 ҳ. йилда вафот этган.

Ҳозирга келиб мазкур қироатлар ичида қўпчилик томонидан қабул қилиниб, амалда қолгани иккитадир.

Биринчиси Имом Осимдан Ҳафс ривоят қилган қироат бўлиб, у Ислом оламининг машриқ ва марказий тарафига кенг тарқалган.

Иккинчиси Имом Нофеъдан Варш ривоят қилган қироат бўлиб, у Ливиядан бошлаб Ислом оламининг мағрибига тарқалган.

Бу қироатлар, уларнинг хусусиятлари, ораларидаги фарқлари ва яна шунга ўхшаш нарсалар ҳақида алоҳида-алоҳида китоблар ҳам ёзилган.

www.quran.uz материаллари асосида тайёрланди

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: