Дўст қандай танланади? Муҳим

Ислом олимларининг Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларига асосан дўст танлаш ҳақидаги тавсиялари қуйидагилар:

Дўстинг ақлли бўлсин. Нодонлар билан дўстлашган одам ҳеч бир вақт балодан қутулмайди. Чунки бундай кишиларнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади. Улар ниятлари яхши бўлганида ҳам, яхшилик қиламан, деб ёмонлик қилиб қўядилар.

Ақлли кишининг душманлиги нодон одамнинг дўстлигидек зарарли бўлмайди. Ақлли душман зарар етказганида ҳам, меъёридан оширмайди, зарарнинг чегарасини билади. Шунинг учун ота-боболаримизнинг ҳикматли сўзларида: “Ақлли душмандан қўрқма, аҳмоқ дўстдан қўрқ”, “Дўстинг ўзингдан яхшироқ бўлсин”, дейилган.

Дўстинг диёнатли, эътиқодли бўлсин. Дўст тутинадиган кишининг диёнатли ва одобли бўлгани яхши, чунки диёнатсиз одам ўз-ўзининг душманидир. Ўз-ўзига душман бўлган киши қандай қилиб бошқаларга дўст бўлсин. Ҳақиқий дўстлар ишимиз тушганида – ёрдамчи, қайғули дамларимизда – юпатувчи, ёлғиз қолганимизда бизни хотирловчи кишилардир. Эътиқодсиз кишилардан ҳар турли номаъқулчиликларни кутиш мумкин. Чунки улар учун фақатгина ҳаёт, дунё ҳаёти бор. Улар ҳаётни роҳат-фароғатда ўтказиш учун Аллоҳдан ҳадиксирамай, турли ножўя ишлар билан шуғулланадилар.

Дўстинг гўзал ахлоқли бўлсин. Дўстимиз бизни фақат яхшиликка ундовчи, зарарли ишлардан тўхтатувчи киши бўлиши керак. Заиф ахлоқли одамлар билан дўст бўлиш киши ахлоқининг бузилишига сабаб бўлиши шубҳасиз.

Ёмон ахлоқли одамлар билан дўстлашишни ислом олимлари катта денгизда кичкина бир кема билан сафар қилишга ўхшатганлар. Бундай сафарда одамлар улкан тўлқинлар ва таҳликаларга дуч келадилар. Жонимизни қутқаргунимизча, қўрқув ва қайғудан қутулмаймиз.

Дўстинг самимий ва насиҳат берувчи бўлсин. Дўстимиз насиҳат берувчи, хатоларимизни кўрса, улардан огоҳлантирувчи ва танқид қилувчи бўлиши керак. Одам хатосиз бўлмайди. Пайғамбаримиз (а.с.) айтганларидек: “Одам боласининг ҳаммаси ҳам хато қилади. Хато қилувчиларнинг энг яхшилари тавба қилувчилардир”. Боболаримиз ҳам: “Дўст ачитиб гапирар, душман кулдириб”, дейишган. Дўст қаттиқ гапирса ҳам, унинг сўзлари биз учун фойдалидир. Ҳақиқий дўстларнинг сўзи дорига ўхшайди. Касал одам аччиқ дори ичишни ҳамиша ҳам ёқтиравермайди, лекин у, киши саломатлиги учун фойдалидир.

Дўстинг сирларингни ва айбларингни сақлагувчи бўлсин. Дўстлар билан суҳбатлашиш, қайғу ва шодликлари, сирларини уларга сўзлаш ҳар бир одамнинг эҳтиёжидир. Киши сирларини дўстларига айтиб ором олади. Дўстларимиз бизни тинглаб ёрдам қилувчи, ўзларига ишонилган сирларни сақловчи бўлишлари керак.

“Ислом ахлоқи”дан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: