Байрам кунларида…

Жанжаллашиб қолган кишилар ўртасини ислоҳ қилиш мусулмоннинг мусулмондаги ҳақларидан ҳисобланади. Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилганлар: «Икки кишининг орасини тузатиш нафл намоз, нафл рўза ва садақадан фазилатлидир. Чунки ора бузуқлиги динни илдизидан емиради».

Бу хусусда яна бир ривоят шундай. Пайғамбаримиз (с.а.в.) табассум қилганларини кўриб, ҳазрат Умар (р.а.) бунинг сабабини сўрадилар. У зот (с.а.в.) жавоб бердилар: «Умматимдан икки киши Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганида, биттаси дейди:

– Ё Аллоҳ! Бу одамда ҳақим бор!

Аллоҳ таоло амр қилади:

– Ҳақини бер!

– Раббим, ҳақ ўтагани бирор савоб амалим қолмади.

Аллоҳ таоло ҳақдорга айтади:

– Бу одамнинг яхшилиги қолмабди, нима қиласан?

– Гуноҳларимни олсин, – айтади ҳақ эгаси.

Шундай дея Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг кўзлари ёшланди: «У шундай кунки, киши бошқаларнинг гуноҳини кўтаришиш у ёқда турсин, ўз гуноҳлари юкини ҳам кўтаролмайди», деб яна сўзларида давом этдилар:

– Бошингни кўтариб жаннатнинг муҳташам кўшкларига қара, – буюради Аллоҳ таоло ҳақ эгасига.

У дейди:

– Кўрдим, Раббим. Бу кўз қамаштиргувчи кўшклар қайси шаҳид, қайси сиддиқ, қайси пайғамбарники?

– Улар тўловини адо қилганларга тегишли.

– Ё Аллоҳ, бундай ажойиб кўшклар эвазини ким ҳам ўтай оларди?!

– Сен ўташинг мумкин!

– Қандай қилиб? Бу тўловни тўлаш учун нимам ҳам бор?

– Мана бу биродарингдаги ҳақингга рози бўл, кўшк сеники.

– Розиман, ё Раббим!

– Биродарингни қўлидан тутиб, биргаликда жаннатга киринг!

Аллоҳдан қўрқинг ва ораларингизни ислоҳ этинг, мустаҳкамлашга ҳаракат қилинг. Аллоҳ таоло ҳам Қиёматда сизнинг ўртангизни тузатади».

Ушбу қутлуғ айём кунларида мазкур муборак тавсияга амал қилиб, гина-кудуратларни унутайлик. Бир-бири билан арзимас нарсалар учун тортишиб, юзкўрмас бўлиб юрганлар ўртасини яхши сўз, чиройли амаллар билан ислоҳ этишга саъй қилайлик. Зотан, бу муборак фурсат – қутлуғ айём кунлари ҳар дамгидан ҳам кўпроқ савоб йиғиш учун берилган бебаҳо имкониятдир.

Манзура Шамсиева тайёрлади

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: