Ҳамма бидъат залолатми? Муҳим

Бидъат луғатда “янгилик” деган маънони англатади. Истилоҳда эса, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда келмаган ҳамда Пайғамбаримиз (а.с.)нинг даврларида содир бўлмаган ибодатга ёки одатий ишларга доир янгиликни англатади.

Ирбоз ибн Сория (р.а.) Пайғамбаримиз (а.с.)дан ривоят қилади: “Янги ишлардан сақланинглар, чунки ҳар бир янги иш бидъатдир, ҳар бир бидъат залолатдир. Ва ҳар бир залолатдаги шахс жаҳаннамдадир” (Имом Термизий).

Имом Шофиъий, Ибни Обидин, Мулла Али Қори ва бошқа катта муҳаддислар мазкур ҳадисни “Ҳар бир ёмон янгилик залолатдир”, деб шарҳлаганлар. Демак, ҳадисдаги “янгилик” (бидъат) тушунчаси “яхши янгилик” (бидъати ҳасана) ва “ёмон янгилик” (бидъати саййиа)ка бўлинади.

Пайғамбаримиз (а.с.) огоҳлантирадилар: “Ким бир яхши ишни чиқарса, унга савоб берилади ҳамда шу яхши ишни қиёматга қадар ким қилса, биринчи бошлаган одамга савоби бориб туради. Ким бир ёмон ишни чиқарса, унга гуноҳ ёзилади ҳамда шу ёмон ишни қиёматга қадар ким қилса, биринчи бўлиб қилган одамга гуноҳи бориб туради” (Имом Муслим).

Уламолар бу ҳадис маъносини ўрганиб чиқиб, бундай шарҳлашади: «Пайғамбаримиз (а.с.): “Умматим ичида яхши янгиликни чиқариб ажрини оладиган ва ёмон янгиликни чиқариб гуноҳига қоладиганлар бўлади”, деб очиқ-ойдин айтяптилар». Демак, бундан юқоридаги ҳадиснинг “ҳар бир янгилик залолатдир” деган жумласидаги янгилик умумий эмаслигини билиб олдик.

Уламоларимиз яна бу шарҳларига бир неча катта саҳобаларнинг ишларини далил қиладилар: ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) ҳолат тақозосига қараб Қуръони каримни жамлаш маслаҳатини кўтариб чиқди; ҳазрат Умар (р.а.) рамазон кечаларида таровеҳ намозини жамоат бўлиб ўқишни жорий қилди; ҳазрат Усмон (р.а.) даврига келиб мусулмонлар сони яна ҳам кўпайгани сабабли бир азон билан ўқилиб келинаётган жума намозига яна бир азон қўшилди; ҳазрат Али (р.а.) даврида битта шаҳардаги мусулмонлар ҳайит намозини одатдагидек бир жойга жамланиб ўқишлари мумкин бўлмай қолгач, Али (р.а.) шаҳарнинг бир нечта масжидларига бўлиниб ўқишни буюрди; ҳазрат Муовия (р.а.) даврида азон айтиш учун алоҳида миноралар қурилиб, муаззинлар азонни ўша ердан чақирадиган бўлишди.

Ҳадис шарҳловчи олимлар айтади: «Мазкур саҳобалар Расулуллоҳ (а.с.) ҳадисларини энг зўр ва мукаммал тушунадиган зотлардан эди. Агар Пайғамбаримиз (а.с.)нинг “Ҳар бир бидъат залолатдир,” деган гаплари умумий бўлганида, бу улуғлар ҳам умумий тушунардилар. Натижада Пайғамбаримиз (а.с.)нинг вафотларидан кейин бирор янгилик қилмаган бўлардилар».

Олимлар бидъатни умумий иккига бўлгандан кейин, ҳар бирини яна қисмларга ажратишди.

Бидъати ҳасана (яхши янгилик) учга бўлинади:

1. Вожиб бидъат, яъни қилиш зарур, қилмаган гуноҳкор бўлади (масалан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар маъноларини тушуниш мақсадидаги толиби илмлар наҳвни, яъни араб тили қонун-қоидаларини ўрганиши; шариат илмларини сақлаб қолиш мақсадида ёзиб қўйиш, бу иш Пайғамбаримиз (а.с.) вафотларидан 120 йиллар кейин бошланди; ақидада адашган худосизлар ва бошқа ботил фирқаларга раддия бериш учун далилларни ёзиш).

2. Мандуб бидъат, яъни қилган одам савоб олади, қилмаган гуноҳкор бўлмайди (масалан, мактаб, мадраса, шифохона ва бошқа барча жамият манфаати учун хизмат қиладиган иншоотларни барпо этиш; китоб ёзиш (ҳозирги даврда); мавлиди шариф ўқиш; намозлардан кейинги дуолар).

3. Мубоҳ бидъат, яъни қилган одам савоб олмайди, қилмаган гуноҳкор бўлмайди (масалан, бомдод ва аср намозидан кейин одамларнинг бир-бири билан кўришиши; ейиш, ичиш ва кийинишда исрофга йўл қўймаган ҳолда кенгчилик қилиш; ҳаво, сув, қуруқлик транспортларида ҳаж ибодатига ва бошқа сафарларга бориш; масжидларда овоз кучайтиргичдан, ҳар турдаги совутиш жиҳозларидан фойдаланиш ва ҳоказо).

Бидъати саййиа (ёмон янгилик) иккига бўлинади:

1. Ҳаром бидъат, яъни Пайғамбаримиз (а.с.) ҳадисларида назарда тутган, эгасини жаҳаннамга олиб кетадиган бидъат (масалан, қадария, жабария, мужассима ва бошқа биз билган ва билмаган ҳар хил фирқалар чиқиши).

2. Макруҳ бидъат, яъни ҳаром бидъатдан гуноҳда озгина пастда турадиган бидъат (масалан, масжидларга ҳаддан ташқари, ибодатга халал берадиган даражада нақш ва безак бериш).

Ғуломиддин Холбоев тайёрлади. 

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: