Аллоҳ ўргатган одоб

Расули акрам (с.а.в.)нинг Муоз (р.а.)га шундай насиҳат берганлари ривоят қилинади:

"Эй Муоз! Сенга тақвони, тўғрисўзликни, аҳдга вафони, омонатни ўрнига қўйишни, хиёнатдан қочишни, келишувни бузмасликни, етимга шафқат кўрсатишни, мулойим бўлишни, саломни ёйишни, чиройли муомалани, ортиқча орзу-истакни камайтириб, амалларни кўпайтиришни, имонни маҳкам тутмоқни, Қуръонни нозик тушунишга ҳаракат қилишни, охиратни севмоқни, ҳисобдан қўрқмоқни, шафқат ва марҳаматли бўлишни тавсия қиламан.

Итоаткор одамларни камситишдан, дуруст кишиларни айблашдан, гуноҳларга ҳирс қўйишдан, одил бошлиқларга қаршилик кўрсатишдан, ер юзида бузғунчилик қилишдан сақлан. Сенга ёлғизликда, жамоат ичида, ҳар жойда Аллоҳдан қўрқишни тавсия қиламан.

Гуноҳга қўл урсанг, тавба қилишга диққат эт. Барчага ошкор қилиш жоиз бўлмаган нарсалар махфий қолгани маъқул. Булар Аллоҳ таоло бандаларига ўргатган одобдир. У зот бандаларини яхши хулқ ва чиройли одоб эгаллашга чақиради" (Имом Аҳмад ривояти).

Пайғамбаримиз (с.а.в.) тавсия қилган бу фазилатларнинг барчаси у зотнинг ўзларида мужассам бўлган. Зотан, у зот макоримул-ахлоқ – буюк хулқ эгаси эдилар.

Ойша онамиз (р.а.)дан ривоят қилинади: "Макоримул-ахлоқ шундайки, отада бор, ўғилда йўқ, қулда бор, эгасида йўқ ёки аксинча. Аллоҳ таоло саодат мурод қилган кимсаларга уни тақсим этгандир. Улар қуйидагича:

– тўғрисўзлик;

– умидсиз ҳолида ҳам дурустлик;

– қўшниси, биродари оч бўла туриб, ўз қорнини тўйдирмаслик, уларни ҳам ўйлаш;

– сўраганга бериш;

– яхшиликка яхшилик қилиш;

– омонатни сақлаш;

– силаи раҳмда қилиш;

– одамларнинг камчиликларини беркитиш;

– меҳмонни ҳурмат қилиш;

Буларнинг боши эса ҳаёдир" (Имом Молик ва Аҳмад ривояти).

Чиройли ахлоқнинг аломатлари бор. Бу хусусда, Қуръони каримда Аллоҳ таоло мўминларни васф этиб, шундай марҳамат қилади: "Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозе билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда "Саломатлик бўлсин", деб жавоб қиладиган кишилардир" (Фурқон, 63).

Гўзал ахлоқ аломатларини улуғлар шундай санаб ўтишган: "Ҳаёли, одобли бўлиш; кам гапириш; беозор бўлиш; рост сўзлаш; яхшилик қилишни исташ; ибодатни кўп, хатони кам қилиш; ҳаммага яхшилик тилаш; барчага бирдек шафқатли бўлиш; виқорини йўқотмаслик; шошқалоқлик қилмаслик; қаноатли, шукр этувчи, сабрли, нозик қалбли, юмшоқ феълли, тамаъсиз бўлиш; бировларни камситиш, лаънат айтиш, ғийбат қилиш, гап ташиш, гина, ҳасад, ёмон сўз айтишдан сақланиш; очиқ юз, ширин тил бўлиш; бирор нимага муҳаббат қўйса ёки ёмон кўрса, фақат Аллоҳ учун севиш ва ёмон кўриш".

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг дуолари ҳам шундай эди: "Аллоҳим! Менга чиройли хулқ эҳсон эт! Зеро, Сендан бошқа бирор кимса чиройли ахлоқ эҳсон қилолмас. Аллоҳим! Мени ёмон феъллардан асра ва узоқлаштир" (Муслим ривояти).

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: