Чорсу бозорида бир қизча йиғлаб,
Тўрт ёнга жовдираб, дилгир боқарди.
Унинг атрофида тўрт-бешча киши
Кифтига тасалли бериб қоқарди.
– Адашиб қолдингми?!
– Жилма ҳеч ёққа!
– Онанг ҳам юргандир савдойи бўлиб...
– Ҳозир келиб қолар...
Қизалоқ баттар
Йиғларди юраги қонларга тўлиб.
Одамлар таскинга берсалар-да зўр,
Қизча тўхтатолмас кўзидан селни.
Кўпнинг унга раҳми келган пайт,
Менинг
Негадир қизчага ҳавасим келди.
Қизча! Қизалоғ-эй!
Бунча бахтлисан!
Андуҳинг бепарво қолдирмас ётни!
Адашган бандаман, кўрмадим лекин:
“Адашдингми?!” дея ҳол сўрган зотни.
Сени топиб олар онанг ҳам тезда,
Уйга шошасизлар бағир бут, шодмон.
Мен ҳам йўқотганман онамни, аммо
Энди уни қайта топмоғим гумон...

Оллоёр Бегалиев

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 3 февралда эълон қилинган  330 марта кўрилган