Масжидга киришдан аввал намозга ҳалақит берадиган нарсалар кўздан кечирилади. Масалан, машинада келган бўлса, уни ҳеч кимга халал бермайдиган жойга қўйилади, қўл телефони ўчирилади, автомобил огоҳлантирувчи қўнғироқлари безовта қилмаслиги таъминланади. Ҳозирги замонда мана шундай масалаларни ҳам гапиришга тўғри келади. Чунки намоз ўқиётганда кимнингдир телефони жиринглаб қолиши, кўчадаги машинадан баланд овоз чиқиши диққатни тортади, хаёлни бўлади. Фаҳм-фаросатли инсон намозга келаётганида мана шу томонларни ҳам ҳисобга олади.

Масжидга ўнг оёқ билан кирилади. Кейин ушбу дуо ўқилади: “Аувзу биллааҳил азийм, ва биважҳиҳил карийм, ва султониҳил қодийми минаш шайтонир рожийм”.

Маъноси: “Улуғ Аллоҳдан карим важҳи, қадимий салтанати ила тошбўрон қилинган шайтондан паноҳ сўрайман!”

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (р.а.)дан ривоят қилинишича, Набий (с.а.в.) масжидга кирсалар: “Аувзу биллааҳил азийм, ва биважҳиҳил карийм, ва султониҳил қодийми минаш шайтонир рожийм”, деб дуо қилардилар. Агар (банда) шуни айтса, шайтон: “Куннинг қолган қисмида мендан сақланди”, дейди (Абу Довуд).

Ортидан мана бу дуо ўқилади: “Бисмиллааҳ, вас-солаату вас-салааму алаа росулиллааҳ, аллоҳуммафтаҳ лий абвааба роҳматик”.

Маъноси: “Аллоҳнинг исми билан бошлайман, Расулуллоҳга салавот ва салом айтаман. Ё Аллоҳ, мен учун раҳматинг эшикларини оч” (Муслим ривояти).

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 11 январда эълон қилинган  338 марта кўрилган