Тавҳид илмининг асли ва тўғри деб эътиқод қилишга сазовор маълумотлар қуйидагилардан иборат: ҳар бир мусулмон киши дили билан тасдиқ этган ҳолда тили билан ушбуларни айтиши вожибдир:

Аллоҳга, Унинг фаришталарига, илоҳий китобларига, юборган пайғамбарларига, ўлгандан кейин қиёматда тирилишига, Ўзи белгилаган яхши-ёмон тақдирга ҳақ ва рост, деб имон келтирдим. Охиратдаги ҳисоб-китоб, амаллар тарозиси, жаннат, дўзах барчаси ҳақдир.

Аллоҳ таоло бирдир, лекин саноқ сон жиҳатидан эмас, балки унга ҳеч қандай шерик йўқлиги жиҳатидандир. Чунончи, Ихлос сурасида Ўзи демишким: «(Эй Муҳаммад), айтинг: «У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ беҳожат, (лекин) ҳожатбарордир. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенги йўқдир».

У ўзи яратган нарсалардан бирортасига ўхшамас. Унга ҳам бирор нарса ўхшаш эмас.

Ўзининг зотий ва феълий сифатлари билан азалдан бор бўлган ва абадий бор бўлур. Зотий сифатлари — ҳаёт, қудрат, илм, калом, эшитиш, кўриш, ирода. Феълий сифатлари — халқ этиш, ясаш ва бошқа шу мазмунга далолат қилувчи сифатлар. У ўзининг барча исм ва сифатлари билан биргаликда доим бўлган ва абадий бўлажак. Унга бирор исм ёки сифат кейин қўшилиб қолган эмас.

Шунингдек, У Ўз илми билан олимлигича ҳамон келмоқдаким, илм Унинг азалий сифатидир. Қудрати билан қодирлигича ҳамон келмоқдаким, қудрат Унинг азалий сифатидир. Каломи билан гапирувчи ҳолида келмоқдаким, калом Унинг азалий сифатидир. Халқ этиши билан холиқлигича ҳамон келмоқдаким, халқ этиш Унинг азалий сифатидир. Иш қилиш (феъл) билан иш қилувчи (фоил) ҳолида ҳамон келмоқдаким, феъл Унинг азалий сифатидир. Демак, феъл эгаси — Аллоҳ, феъл Унинг азалий сифатидир, феълнинг маҳсули — яратилган (махлуқ), Унинг феъли эса яратилувчи эмас. Шунингдек, Унинг барча сифатлари азалдан пайдо қилинган ҳам, яратилган ҳам эмас. Кимки, уларни яратилган ёки пайдо қилинган деса ёки (сўралганда) жим туриб қолса ёхуд у тўғрида шак қилса, Аллоҳга кофир бўлур.

“Фиқҳи акбар”дан

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 6 январда эълон қилинган  25 марта кўрилган