Бир давлатманд киши қаттиқ бош оғриғи билан уйғонди. Ҳеч қандай дори кор қилмади. Уйидагилар шифокор чақиришди. Муолажалар, оғриқ қолдирувчи дорилар бекор кетди. Кун ўтгани сари оғриққа кўзларнинг ёшланиши ҳам қўшилди. Касаллик сабабини ҳеч ким аниқлай олмади. Хастани чет элга ҳам олиб боришди. У ердаги касалхонада “умид йўқ” дейишгач, беморни олиб уйга қайтишди. Бечора одам тақдирга тан бериб ўлимини кута бошлади. Бир куни собиқ сартароши ҳол сўраб келди. Кайфияти кўтарилсин деб беморнинг соч-соқолини тартибга келтирмоқчи бўлди. Бу аснода “мижоз” дард қандай бошланганини, бугунгача нималар бўлганини гапирди. Сартарош: “Бурнингиздаги тук тепага қараб ўсган бўлмасин?” деб қолди. Кейин қараб кўриб: “Ана, айтмадимми!” деб юборди. Қутисидан мўйчинакни чиқариб бир ҳаракат билан тукни юлиб олди. Қаттиқ чинқириқни эшитган оила аъзолари касал ётган хонага чопиб келишди. Ғолибларча турган сартарошнинг қўлидаги мўйчинакда 20 сантиметрлик тук бор эди...

Ўша куннинг эртасига бемор неча ойлардан буён илк марта уйқуга қониб уйғонди. Бошида оғриқ йўқ, кўз ёшланиши ҳам тўхтаган. Ўша ондаёқ қаҳрамонимиз сартарошни чақириб, раҳматлар айтди, ҳадялар бериб кузатди.

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 5 январда эълон қилинган  92 марта кўрилган