Савол: “Қурбонлик” сўзининг маъноси нима? Қандай кишилар қурбонлик қилиши керак?

Жавоб: Қурбонлик Аллоҳ таолога қуллик қилиш мақсадида шариатда кўрсатилган шартларга мувофиқ жонлиқ сўйишни билдиради. Қурбонлик ҳижратнинг иккинчи йили вожиб бўлган. Қурбонлик қилиш Қуръон, суннат ва ижмо билан собит: “Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйиб қурбонлик қилинг!” (Кавсар, 2).

Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким бойлиги бўлатуриб, қурбонлик қилмайдиган бўлса, намозгоҳимизга яқинлашмасин”, деганлар (Ибн Можа ривояти). Қурбонлик қилиш ҳикматларидан бири ҳаёт неъмати шукрини адо этишдир. Шу ва бошқа далиллардан келиб чиқиб, ҳанафий фуқаҳолар қурбонлик қилишни вожиб деганлар (“Мабсут”, “Бадоиъус саноиъ”, “Фатовойи Ҳиндия”).

Қурбонлик қилиш озод ва муқим, оқил ва болиғ, нисоб миқдоридаги молга эга мусулмонга вожиб бўлади (“Мабсут”, “Бадоиъус саноиъ”). Қурбонлик қилишда нисоб миқдори фитр садақаси вожиб бўладиган нисоб билан бир хил. Яъни, айтиб ўтилган сифатларга эга мусулмон кишининг асл эҳтиёжидан ошиқча моли кумуш ҳисобидаги нисобга – икки юз дирҳам кумуш миқдорига етса, унга қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Бунда молнинг кўпаядиган бўлиши ва нисобга бир йил тўлиши шарт эмас. Кишининг асл эҳтиёжига яшаётган уйи, бир сидрадан ёзги ва қишки кийимлари, зарурий уй жиҳозлари, олтин ва кумушдан ясалмаган идиш-товоқлар, битта улов, иш қуроли, оила аъзоларининг озиқ-овқати киради (“Шарҳи Ҳидоя”).

Қурбонликда “нисоб миқдори” деганимизда ана шулардан ошиқча молларнинг кумуш нисобига етиши тушунилади.

Савол: Қандай ҳайвонларни қурбонлик қилиш мумкин?

Жавоб: Қурбонлик учун қўй, эчки, мол ё туя сўйилади. Қўй ва эчкиларнинг бир ёши қурбонлик қилинади. Агар олти ойлик қўзи онаси билан гавдаси тенг ва семиз бўлса, уни ҳам қурбонликка сўйиш жоиз. Аммо бу ҳукм улоқча (эчки боласи) учун тегишли эмас (“Мабсут”). Молнинг икки ёшга, туянинг эса беш ёшга тўлганини қурбонлик қилиш мумкин.

Қўй ва эчкини фақат бир киши ўз номидан қурбонлик қилади. Мол билан туяни эса етти нафаргача киши шерик бўлиб қурбонлик қилиши мумкин. Аммо бу ҳолда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Зеро, шериклардан бирортаси шунчаки гўшт учун қўшилган бўлса, қолган барча шерикларнинг қурбонлиги ҳисоб бўлмайди. Шериклар ўртасида гўшт тенг тақсимланиши лозим (“Бадоиъус саноиъ”).

Савол: Қурбонлик учун от сўйса бўладими?

Жавоб: От ва кийик каби ҳайвонларни, товуқ, хўроз, ўрдак, ғоз каби паррандаларни қурбонлик қилиб бўлмайди. Қурбонлик учун фақат қўй, эчки, мол ва туя сўйилади. Уларнинг урғочиларини ҳам, эркакларини ҳам қурбонликка сўйиш мумкин.

Савол: Айримлар қурбонлик учун соғин сигирларни ҳам олишади. Шундай ҳолатларда уларни қурбонлик қилгунича сутини соғиб ичиб турса бўладими?

Жавоб: Қурбонлик учун сотиб олинган ҳайвоннинг сутидан, жунидан ва бошқа нарсаларидан сўйилгунича фойдаланиш таҳримий макруҳдир. Чунки уни қурбонлик нияти билан сотиб олганидан кейин ҳамма нарсаси қурбонлиги учун аталган бўлади. Ҳанафий уламолар: “Агар сути оз бўлиб, елинга сув сепиш билан сути қочадиган бўлса, шундай қилади, соғишдан бошқа чора қолмаса, соғиб садақа қилиб юборади, ўзи ичадиган бўлса, пулини садақа қилади”, дейишган.

Савол: Ҳайит намози ўқилмасдан олдин қурбонлик қилиш мумкинми?

Жавоб: Йўқ, мумкин эмас. Расулуллоҳ (с.а.в.) қурбонликка аталган ҳайвонини ҳайит намози ўқилмасидан олдин сўйган киши фақатгина оиласига гўшт учун сўйган бўлиши, қурбонлик бўлмаслигини айтганлар. Ҳар бир ибодатда бўлгани каби, қурбонлик сўйишнинг ҳам тайинланган вақти бор. Қурбонлик қилиш вақти зулҳижжа ойининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидир. Ўнинчи куни сўйишнинг фазилати кўп. Шу кунлар орасида кечаю кундуз қурбонлик сўйиш мумкин. Аммо кечаси сўйиш макруҳ. Ўн иккинчи куни қуёш ботиши билан қурбонликнинг вақти ўтган ҳисобланади ва бундай ҳолда қурбонликка аталган, аммо бирор сабаб билан сўйилмай қолган ҳайвон тириклигича садақа қилиб юборилади (“Фатовойи Ҳиндия”).

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 1 январда эълон қилинган  77 марта кўрилган