Жонажон Ватанимиз, гўзал Ўзбекистонимизнинг истиқлолга эришганига 26 йил тўлди! Бу байрам шунинг учун ҳам энг азизки, мамлакатимизнинг том маънода барча ички-ташқи ишларини мустақил ҳал эта оладиган бўлди. Бу байрам шунинг учун ҳам энг улуғки, халқимиз кўксига офтоб тегиб, ўзининг хоҳиш-иродасини баралла айта оладиган, энг муҳими, муқаддас дини арконларини эмин-эркин адо эта оладиган бўлди.

Ушбу қутлуғ сананинг қувончи динимиздаги икки улуғ байрамлардан бири – муборак Қурбон ҳайити хурсандчилигига уланиб кетгани учун ҳам бу йилги истиқлол айёмининг файзи  бўлакча.

Халқимиз жамиятда ҳар куни, ҳар соатда рўй бераётган яхши янгиликлардан, ҳаётимиз бундада фаровон бўлиши, давлатимиз янада равнақ топиши йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлардан димоғи чоғ бўлиб, эртанги куни бугунидан яхши бўлишига умиди, ишончи ортиб бормоқда. Табиийки, бундай кайфиятда байрамлар ўзгача шукуҳ билан қарши олинади.

Бугун муҳтарам Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган янгиланишлар, ислоҳотларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, халқимиз маънавиятини бундан ҳам юксалтириш масаласига катта аҳамият берилмоқда, бу борада улкан ишлар амалга оширилмоқда. Маънавият, энг аввало, дин демакдир. Зеро, миллий маънавиятимизнинг асосини ташкил этувчи азалий қадриятларимиз, жаҳонга машҳур аллома аждодларимизнинг ўлмас асарлари муқаддас динимизнинг соф сарчашмасидан сув ичган. Бинобарин, уларни халқимиз ҳаётига қайтариш, ёш авлодни ана шу қадриятлар асосида тарбиялаш бугунги турфа маънавий таҳликалар исканжасида қолган дунёда энг ишончли ва тўғри йўлдир.

Кўп таъкидлангани каби, бундай кенг кўламдаги ислоҳотлар фақат бир-икки кишининг ёки давлат раҳбари ва соҳа мутасаддиларининг иши эмас, бунда ҳамма ўз йўналиши бўйича қўлидан келганича ҳаракат қилиши талаб этилади. Шу маънода севимли тақвимингизнинг ушбу чорагида динимизнинг асосини ташкил этувчи муҳим ибодат – намоз масаласига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Исломнинг шартларида имондан келувчи бу ибодат банданинг Парвардигори билан бевосита мулоқотидир. Унинг аҳамияти улуғлиги учун ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (а.с.)га Меърож кечасида орачисиз, бевосита фарз қилган. Шу боис намоз мўмининг меърожи дейилади. Намозни адо этиш шартлари, фарз, вожиб ва суннатлари каби масалалар фиқҳий манбаларда кенг, батафсил ёритилган. Шукрки, бугун бундай манбаларни ўз тилимизда ҳам ўқиш муаммо эмас. Шунинг учун биз намознинг кўпроқ маънавий томонига, унинг фазилатини оширадиган ва қабулга шоён этадиган омилларга урғу бердик. Чунки, юқорида айтилгани каби, намоз Аллоҳ билан мулоқот воситаси экан, бунда қалбнинг ҳолати муҳим ўрин тутади. Қалб Аллоҳнинг назаргоҳидир. Шундай бўлгач, Парвардигор билан мулоқотга киришадиган қалб олдин бунга тайёр бўлиши лозим. Намоздаги хузу, хушу каби масалалар ҳам унинг қабулига боис бўладиган муҳим омиллардандир.

Аллоҳ таоло ушбу камтарона уринишимизни Ўзи рози бўладиган амаллар қаторида қабул қилсин. Уни барчамизга манфаатли бўлишини насиб этсин. Шу кунларда ҳаж ибодатини адо этиш учун муқаддас диёрда ҳозир бўлган барча мусулмонлар, хусусан, юртдошларимизнинг диёримиз ва биз нинг ҳақимизга қилаётган дуоларини мустажоб айласин.

Жаннатмакон юртимизни барча ёмонликлардан паноҳида асрасин, икки улуғ айём – Мустақиллик байрами ва муборак Қурбон ҳайити барчамизга қутлуғ бўлсин!

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 1 январда эълон қилинган  244 марта кўрилган