Қай бир ота-она боласининг истиқболи, келажакда қийналмаслиги учун қўлидан келган ҳар ишни қилади: эрта туришга мажбурлайди, мактабга жўнатади, дарсини қилдиради, тарбия беради, ишлатади, вақти келса, бақиради, уришади, койийди.

Яна қай бирининг эса фарзанди билан иши ҳам йўқ. Бола хоҳлаган жойига боради, истаганини қилади.

Нариги бола бунисига ҳавас қилади, кўришганида нолийди: “Сенга маза, ота-онанг яхши кўради, шунинг учун ҳам ўз ҳолингга қўйиб қўйишган. Мени эса ота-онамнинг кўрарга кўзи йўқ, койишгани койишган, тергашгани тергашган. Баъзан уларни шундай ёмон кўриб кетаманки... Қанийди менинг ота-онам ҳам сеникига ўхшаса...”

Ўзингиз бир ўйлаб кўринг: қайси ота-онанинг иши тўғри? Жавоби маълум, шундай эмасми?

Энди ўзимизга келадиган бўлсак, ҳолимиз шикоятчи боладан асло фарқ қилмайди. Нега дейсизми? Сабрсизмиз, бошимизга бир имтиҳон келса, Аллоҳга исён қиламиз. Ота-онасининг тергашлари фойдасига эканини билмаган ғўр боладек, бу синов натижаси жаннатлигини идрок қилолмаймиз. Бошга мусибат тушганида бақириб-чақирсак, оғзимиздан боди кириб, шоди чиқса, йиғласак, эзилсак, сочимизни юлсак, хафа бўлиб ўтираверсак, хуллас, Аллоҳга исён қилсак, нима фойда? Фақат зарари бор, холос. Модом шундай, модом балони тутиб уриш имконсиз, сабр қилиб савоб олган яхши эмасми?

Аллоҳ таоло ҳар оғирлик ортидан бир енгиллик беради (Иншироҳ, 5–6). Биз яхшилик деб билган нарсалар ёмонлигимизга, ва аксинча, ёмонлик деб билган нарсалар хайримизга хизмат қилиши мумкин (Бақара, 216). Демак, кўринишдан мусибат бўлса ҳам, оғирликларда биз учун яхшиликлар бор, бу аниқ. Пайғамбар (а.с.) айтадилар: “Сиз яхшилик деб билган нарсада ёмонлик, ёмонлик деб билган нарсада яхшилик бор” (Бухорий ривояти).

Ривоятларда келадики, ҳазрат Мусо (а.с.) Тур тоғига Аллоҳ таоло билан гаплашиш учун кетаётиб йўлда жуда фақир кишини учратиб қолдилар. “Аллоҳга айтинг, мендан камбағалликни кетказсин”, деди фақир. Ҳазрат Мусо рози бўлдилар. Қайтишда ҳалиги одам нима бўлганини сўради. Мусо (а.с.) Аллоҳ таолонинг: “Бандам на шукр, на сабр қилади. Унга айт, шукр ва сабр қилсин”, деган амрини етказдилар. Фақирнинг жаҳли чиқди: “Нимага шукр қиламан, бу аҳволга қандай сабр қиламан?!” Шу онда Аллоҳ таоло унинг устига қаттиқ шамол юборди. Фақирнинг бор-йўқ нарсаси учиб кетди. Ҳазрат Мусо (а.с.) айтдилар: “Мана, шукр ва сабр қилмадинг, бошингга ёмонроғи келди”. Фақир: “Олдинги ҳолимга розиман, ҳеч бўлмаса, йўқотганларимни берсин”, деди. Ҳазрат Мусо яна шукр ва сабрни тавсия этдилар. “Нимага сабр қиларканман, шукр қиладиган бирон нарсам борми?” ғазабланди фақир. Шунда яна Аллоҳ унинг устига шамол юборди, эгнидаги либослар бурда-бурда бўлди. Яланғоч қолган одам уялиб қумларнинг тагига яширинди ва ёлворди: “Ҳеч бўлмаса, кийимларимни қайтарсин”. Ҳазрат Мусо (а.с.) яна бояги гапни такрорладилар. Фақир бақириб берди: “Яна шукр, яна сабрми?” Шу пайт шамол келиб қумларни учирди, одам беркингани жой тополмай қолди. Шундагина ўзига келиб: “Демак, баттарнинг баттари тугамас экан, сабр ва шукр қилиш, Аллоҳга осий бўлмаслик керак экан”, деб тавба қилди.

Зилола Суярова тайёрлади.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 30 декабрда эълон қилинган  312 марта кўрилган