Ислом илм дини эканини, унинг асослари мустаҳкам илм устида барпо бўлганини ҳар бир виждон соҳиби яхши билади. Аммо одамлар орасида асоси у қадар текширилмай оғиздан-оғизга кўчиб, гўё ҳақиқат сифатида талқин бўлиб кетган бир масала бор. У ҳам бўлса, илм шайтоннинг сифати дея талқин қилинишидир. Аслида-чи, бу гапларнинг суянса бўладиган далили борми? Шайтон олим бўлганми? У олим бўлгани учун шайтон бўлганми? Илм шайтоннинг сифатими? Қайси ояти каримада бунга далолат бор? Қайси саҳиҳ ҳадисда бунга ишорат бор?

Агар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқсак, уларда бу маъно борлигини ҳеч учратмаймиз. Аксинча, ояти карималарда шайтоннинг жоҳил бўлганини, унинг лаънати шайтонга айланишига ҳам жоҳиллиги сабабли бўлгани, ҳазрат Одам (а.с.)нинг эса айнан илм шарофати билан каромат топганини, айнан илми боис фаришталардан устун бўлганини кўрамиз: «(Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга (бирма-бир) кўрсатиб деди: Агар (эътирозингизда) ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб беринг!”» (Бақара, 31).

Шу ўринда ҳазрат Одам (а.с.)нинг таълим олгани, илм соҳиби бўлгани очиқча айтилмоқда!

(Улар) дедилар: «Зоти покинг ҳаққи, бизда Ўзинг билдирганингдан ўзга илм йўқдир. Албатта, Сен Доно ва Ҳакимдирсан» (Бақара, 32).

Бу эътирофни қилаётган фаришталар орасида Иблис ҳам бор эди, буни қуйироқдаги ояти каримадан англаймиз! Яъни, шайтон Одамдан кўра жоҳил эди! Одам билган нарсани била олмади.

 «(Аллоҳ) айтди: “Эй Одам, уларга (мазкур нарсаларни) номлари билан айтиб бер”. Уларга номларини айтиб берганида, (У) деди: “Мен осмонлар ва Ер сирларини, сизлар ошкор қилаётган ва яшириб юрган нарсаларингизни билурман, демаганмидим?!”»

«Эсланг, (эй Муҳаммад!) Биз фаришталарга: Одамга сажда қилинг! деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди» (Бақара, 33-34).

Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. Ўша устунлик эса илм-маърифат экани очиқ айтилди. Инсон ер юзида жаҳолатга эргашиб, шайтоннинг макрига алданиб фасод ишлар қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, неъмати илоҳий бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб эса, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.

Шайтоннинг илмли бўлгани ҳақидаги хабарлар асосан тафсир китобларимизда айрим саҳобалар ёки тобеъинлардан ривоят қилинган. Бу каби хабарларни ўрганган уламоларимиз, уларнинг асли исроилиёт қиссаларидан ёки аҳли китобларнинг асарларидан ривоят қилиниб, тафсир ва тарих китобларимизда у қадар аслини жиддий суриштирилмай ёзиб қолдирилган, дейишади! Саҳобалар ораларида аҳли китобларнинг маълумотларини яхши биладиган уламолар бўлишган. Улардан шунга ўхшаш қиссалар ривоят қилинган.

Биз мусулмонларнинг муқаддас Китобимиз Қуръони карим илк оятларидаёқ: “Ўқи!” деб турса-ю, биз нима учун шайтон ҳам олим эди, деб асоси йўқ нарсани оятга қарши қўямиз?! Уламоларимизни ҳурмат қилиш, уларнинг кўрсатмаларига эргашиш ўрнига, нима сабабдан уларга қарши ботил тушунчаларимизни олға сурамиз?! Бугунги кунда бўлаётган фитналарнинг деярли барчаси остида айнан шу муаммо бор эмасмикан?! Ахир, тарихдан бу кунимизгача уламоларимизга эргашиб фақат ва фақат саодат топдик-ку! Кўзимизни очадиган, дўстимиз киму душманимиз ким эканини ажратадиган вақт келмадими?!

Аброр Мухтор Алий

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 30 декабрда эълон қилинган  497 марта кўрилган