Бир ҳукмдор вазиридан ғазабланиб, зиндонга ташлаттирди. Ейиш учун қуруқ нондан бошқа ҳеч нарса бермасликни буюрди. Кунлар ўтди, бироқ маҳбусдан ҳеч қандай шикоят йўқ. Бундан ҳайрон бўлган подшоҳ вазирининг шунча қийинчиликка қандай чидаётганини билиш учун зиндонга одам юборди. Келганлар сўрашди: “Зулмат, зах зиндонда занжирбанд, оч ҳолда ётибсан. Бироқ рангингга қарасак, соппа-соғ одамдексан. Бунга қандай эришдинг?”

Вазир жавоб берди:

– Менда олтита дори бор. Ўшалар сабаб аҳволимдан шикоятим йўқ, – дея санай бошлади. – Биринчиси – таваккул, яъни фақат Аллоҳга суянаман, Унгагина ишонаман. Иккинчиси – қадарга розилик, яъни Аллоҳ пешонамга ёзганига бўйсунаман, эътироз билдирмайман. Учинчиси – сабр. Тўртинчиси эса тушкунликка тушмаслик. Бешинчиси – ўз-ўзимга тасалли. Яъни мендан ҳам ҳоли хароблар борлигини ўйлаб, аҳволимга шукр қиламан. Олтинчи дори – умид. Шубҳасиз, бир куни бу ердан чиқаман деган умид билан хотиржамман.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 29 декабрда эълон қилинган  347 марта кўрилган