Қуйидаги ҳикояни кўпчилик афсона деб ҳисоблайди. Бу воқеа балки бўлгандир, балки тўқима. Лекин унда катта ибрат борлиги аниқ.

Йигирманчи аср бошлари. Шотландиялик бир деҳқон даладан қайтаётиб ботқоқлик ёнидан ўтади. Кимнингдир ёрдам сўраб бақираётган товушини эшитиб, овоз келган томонга шошиб йўл олади ва ботқоққа чўкиб бораётган болани кўради. У қутулишга уриниб чиранар, бунга сари янаям ичкарига ботарди. Деҳқон катта бир дарахт шохини синдириб олади ва ботқоққа эҳтиёткорлик билан яқинлашиб, шохни болага узатади. У бир амаллаб хавфсиз жойга чиқади. Бечора гапира олмас, тишлари такиллар, ўзи дағ-дағ қалтирарди. Лекин қўрқув ортда қолган, хавфдан озод бўлганди.

– Бизнинг уйга борамиз. Ўша ерда қуриниб, ўзингга келиб оласан, ўғлим, – дейди унга деҳқон.

– Йўқ, йўқ... – деб рад этади бола, – мени дадам кутяпти. Роса хавотир олаётган бўлса керак.

Сўнг деҳқонга кўзларида меҳр-миннатдорлик билан боқиб, югурганича йўлга тушади.

Эртасига эрталаб деҳқоннинг эшиги олдига зотли отлар қўшилган ҳашаматли арава тўхтайди. Ундан қимматбаҳо кийимлар кийган кибор киши тушиб келади.

– Кеча менинг ўғлимни қутқарган киши сизми? – деб сўрайди у деҳқондан.

– Ҳа, мен, – деб жавоб беради деҳқон.

– Сизга қанча беришим керак?

– Мени хафа қиляпсиз, тақсир. Сиз мендан умуман қарздор эмассиз. Мен ўзини инсон деб ҳисоблайдиган киши қилиши керак бўлган ишни қилдим, холос.

– Йўқ, мен бу яхшиликни эътиборсиз қолдира олмайман. Ўғлим мен учун жуда қадрли. Истаган пулингизни айтинг.

– Бу мавзуда ортиқ гаплашишни истамайман. Саломат бўлинг.

Деҳқон ортига бурилади. Шу пайт остонада унинг ўғли пайдо бўлади.

– Бу сизнинг ўғлингизми? – деб сўрайди кибор меҳмон.

– Ҳа, – дейди деҳқон ғурурланиб, ўғлининг бошини силаркан.

– Келинг, бундоқ қиламиз. Ўғлингизни Лондонга олиб кетаман ва унинг ўқишига ҳақ тўлайман. Агар у отасига ўхшаган ҳалол одам бўлса, бу қарордан сиз ҳам, мен ҳам афсусланмаймиз.

Орадан бир неча йил ўтади. Деҳқоннинг ўғли олдин мактабни, сўнг тиббиёт университетини тугатади. Унинг номи пенициллин ихтирочиси сифатида тез орада бутун дунёга танилади. Бу машҳур олимнинг исми Александр Флемингдир.

Александр Флемингнинг олий таълим олишига сабабчи бўлган кишининг номи эса лорд Рандолф Черчиллдир. Унинг ўғли кейинчалик Англия бош вазири бўлади ва бутун дунёга Уинстон Черчилл номи билан танилади. Бу машҳур сиёсатчи нутқларидан бирида: “Қилган ишинг ўзингга қайтади”, деганди. Ҳақиқатан шундай. Бунга ҳаётдан жуда кўп мисол топиш мумкин.

 

Орифжон Мадвалиев тайёрлади.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 29 декабрда эълон қилинган  351 марта кўрилган