“Ким сабр қилишни истаса, Аллоҳ унга сабр беради. Ҳеч кимга сабрдан ҳам яхши ва улуғроқ эҳсон берилмаган” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий, Насоий);

“Эшитган нарсаси берган азиятга Азиз ва Жалил бўлган Аллоҳдан ҳам кўра сабрли зот йўқ. Чунки Унга шерик қўшишади, боласи бор дейишади, Аллоҳ таоло шунда ҳам уларга офият ва ризқ беришда давом этаверади” (Муттафақун алайҳ);

“Мўминнинг ҳар иши ҳайратлантирувчи, ҳар иши хайрдир. Бу фақат мўминга хос. Севинтирувчи иш бўлса, шукр қилади, бу унга яхшилик бўлади. Балога учраса, сабр қилади, бу ҳам унинг учун хайрли бўлади” (Имом Муслим, Доримий, Аҳмад ибн Ҳанбал);

“Ҳеч кимга сабрдан ҳам яхшироқ мукофот берилмаган” (Имом Муслим, Имом Бухорий, Абу Довуд, Имом Термизий);

“Сабр мусибатнинг биринчи зарбасида билинади” (Имом Бухорий);

“Ҳақиқий паҳлавон курашда енгган киши эмас. Асл паҳлавон ғазаби келганида ўзини боса олган одамдир” (Имом Бухорий);

Тутқаноғи бор аёл Пайғамбар (а.с.)дан дуо сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Истасанг, сабр қил, жаннатга кирасан. Истасанг, дуо қилай, Аллоҳ сени дарддан қутқарсин”, дедилар. Аёл: “Касалим тутганида ҳушимдан кетаман, аъзоларим очилиб қолади. Аллоҳга дуо қилинг, вужудим очилмасин”. Пайғамбар (а.с.) дуо қилдилар (Аҳмад ибн Ҳанбал);

“Жаннат машаққатлар, жаҳаннам эса нафсоний орзулар билан ўралган” (Имом Муслим, Доримий, Имом Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал);

“Одамлар орасида юриб, уларнинг озорларига чидаган мусулмон одамларга аралашмай, озорларига бардош бермагандан хайрлидир” (Имом Термизий, Ибн Можа);

Ҳаббоб ибн Арат (р.а.) айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) Каъбанинг соясида ўтирганларида мушрикларнинг азиятларидан шикоят қилдик. “Бизга ёрдам бермайсизми, дуо қилмайсизми?” дедик. “Сиздан олдинги ўтган умматларни тутиб, тайёрлаб қўйилган чуқурга ташлашар, кейин арра билан бошини иккига бўлишарди. Яна баъзиларини темир тароқ билан тарашар, вужудида фақат гўшт ва суяк қоларди. Шундай азоблар ҳам уларни динидан қайтаролмасди. Аллоҳга қасам, Аллоҳ бу динни камолга етказади. Шундай кунлар келади, бир йўловчи туясига миниб, Санъодан Ҳазрамавтгача келади ва Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайди, қўйини емасин деб фақат бўридан қўрқади. Фақат сиз шошқалоқлик қиляпсиз» (Имом Бухорий, Абу Довуд, Насоий);

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Мўмин бандамга бир хасталик берганимда Менга ҳамд айтса, онасидан янги туғилгандек гуноҳларидан пок бўлиб уйғонади”. Яна марҳамат қилади: “Мен бандамни синадим, (энди, эй фаришталарим) соғлом пайтида ёзган савобларни хасталик пайти учун ҳам ёзинг” (Аҳмад ибн Ҳанбал).

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 23 декабрда эълон қилинган  426 марта кўрилган