Юртимизда уяли алоқа компаниялари бирин-кетин 4Gга ўтишгани ҳақида эълон қила бошлашди. 3G технологиясидан кейинги қадам бўлмиш 4G туфайли уяли телефонларнинг интернетда ишлаши, маълумот юклашида сезиларли тезланиш кузатилмоқда. Мижозларга: “Сизнинг телефонингиз энди ярамайди, агар мусиқа, замонавий қўшиқлар тинглаш, қизиқарли ўйинлар ўйнаш ва энг янги киноларни томоша қилишни истасангиз, 4G тезлигига мосланган телефон жиҳози сотиб олишингиз керак!” демоқда алоқа операторлари. Аслида эса, бу билан ёшларнинг қўлтелефонга боғлиқлиги камида ўн марта ошди десак, тўғрироқ бўлади. Бақириб-чақириб реклама қилинаётган 4G орқали биз эришадиган неъматлар(!) “ақлли” телефонларнинг глобал тармоқдан ўйинлар, мусиқа ва видео юклаш ҳамда кино кўриш тезлигининг ортганидан иборат. Бу рекламаларнинг ортида нима борлигига диққат қиляпсизми? Ўйин ўйнаш, қўшиқ юклаш, кино кўриш ва видео кўчириш... Электроника даври деганлари шуми? Ҳозирда мобил телефонидан фойдаланиш гиёҳванд модда истеъмол қилиш билан тенг бўлиб қолди. Одамлар телефонларини уйда унутиб қолдиришса, ўзларини худди яланғочдек ҳис қилишади. Қарамлик шу даражага келдики, ярим тунгача кўзлар қўллардан узилмайди. Тўғри, бу замон зайли, қолаверса, биргина бизнинг юртимизда эмас, балки бутун дунёда кечаётган воқелик. Аммо бу ердаги энг қайғули ҳолат – ёшларнинг шундай нарсалар билан машғул бўлиб қолаётгани.

Огоҳ бўлайлик, фарзандларимиз энг ажойиб дамларини, илм ва ҳунар ўрганадиган фурсатларини “ақлли” дейилган ўша маккор матоҳга тикилиб ўтказмоқда. Уларнинг олтиндан қиммат вақтлари ана шу “G”лар томонидан ўғирланмоқда. Айнан шунинг учун ҳам бу “4G” деганлари менга “4 жин” бўлиб эшитилади. Сабаби, у худди шайтондек кишининг вақтини ўғирлайди, ибодатдан чалғитади ва ёшларнинг илм олишга сарфлаш керак бўлган вақтини шамолга совурилишига сабаб бўлади. Хўш, унда фан-техниканинг бундай янгиликларидан фойдаланмаслик керакми? Албатта, фойдаланиш керак, аммо айнан фойдаланиш керак, зарарланиш эмас. Шундай иш тутайликки, фан-техника ютуқлари бизнинг илм, дин ва жамият ривожи йўлидаги саъй-ҳаракатларимизнинг қулайлашувига хизмат қилсин.

Содиқ Носир

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 23 декабрда эълон қилинган  340 марта кўрилган