...Ўша дамларда Яман аҳли жаҳолат ботқоғига ботган, барча қалби салим кишилардек Увайс Қароний ҳам кишиларнинг маъсиятларидан озурда эди. Уларнинг тўғри йўл топишини сўраб даргоҳи илоҳийга қўл чўзарди: “Раббим! Осий қулларингга раҳм қил. Қалбларини имон нури билан ёрит, кўнгилларига раҳмат ёмғирларини ёғдир. Сен ҳидоят қилмасанг, қулларинг қандай имонга келсин? Ибодатга қандай бош эгсин? Шайтоннинг ҳийла-найрангларидан қандай қутулсин?

Илоҳим, қулларинг ғафлатда, маст-аласт бўлиб бандалик аҳдларини унутишган. Нафсларига банди бўлиб ақл тизгинини қўлдан чиқаришган.

Эй карамли Аллоҳим! Уларни залолатдан қутқар, қалбларига маърифат ёғдуларини соч!”

...Биз нима қиляпмиз? Одамларда, жамият ҳаётида содир бўлаётган муаммоларни кўрсак, тўғрими, нотўғрими, фикр билдиришга тушамиз. Куюниб гапириш асносида ғийбатга ҳам ўтиб кетамиз. Ваҳоланки, бу усул билан муаммолар ечим топмайди. Увайс Қаронийдек йўл тутиб, жамиятдаги, одамлар кўнглидаги иллатларга даво сўраб дуо қилишга эса баъзан тоқатимиз, баъзан ақлимиз етмайди.

Бу – Увайс Қаронийдан мен олган биттагина ўрнак. У зотнинг ҳаёти билан яқиндан танишганим сари чин муҳаббат – Аллоҳ ишқи нима эканини ҳам англадим. Барча амалларда холис Аллоҳ розилигини кўзлаш, буйруқларига мукофот илинжида эмас, У Зот амр этгани учунгина бўйсуниш кераклигини тушундим.

Увайс Қароний Парвардигори оламга қандай ибодат қилиш зарурлигини ўргатди. У кишининг тоғу тошларда, одамлардан узоқда Яратганга ибодат қилишини, бундай онларда бутун борлиғи билан тоатга берилишини ўқирканман, ўзимнинг ожизона ҳаракатларимдан (уларни энди намоз дея олмайман) уялдим.

Ҳазрат Увайс ҳақида ўқиш асносида кўнглимга сакинат инди, кўп нарсаларни ўргандим. Улар хайрларга васила бўлади, иншааллоҳ!

Нигора Абдумухтор қизи

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 20 декабрда эълон қилинган  315 марта кўрилган