Мамлакатимиз барқарор тараққиёт йўлидан оғишмасдан илгарилаб бораётир. Шу туфайли жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлди. Геосиёсатга оид масалаларда, дунёнинг энг юксак минбарларида Ўзбекистон Республикасининг позицияси эътиборга олинмоқда. Иқтисодиёт борасида ҳам биз билан бир вақтда истиқлолга эришган мамлакатларнинг аксаридан илгарилаб кетганимиз, яқин йиллар ичида ривожланган давлатлар сафидан жой олишимизни геосиёсатга ва халқаро иқтисодиётга ихтисослашган Ғарб олимлари илмий прогноз қилишмоқда. Маънавият-маърифат, диний бағрикенглик масаласи ҳам доим давлатнинг эътиборида бўлиб келаётгани боис бу борадаги ютуқларимиз ҳам қувонарлидир.

Муҳтарам Президентимизнинг “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойишининг бешинчи йўналишида диний бағрикенглик масаласи ҳам эътиборга олинган. Шунингдек, масжидларнинг коммунал хизматлар учун тўловлари ҳамда диний-маърифий нашрларнинг солиқ ва мажбурий тўловлари бўйича имтиёзлари юзасидан ҳам фикрлар билдирилди.

Замон талабларидан келиб чиқиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидларнинг янги таҳрирдаги намунавий Низоми лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий Кенгаши йиғилишида қабул қилинди. Янги Низомга мувофиқ, агар масжиддаги намозхонларнинг аксари рус, инглиз ёки араб тилида гаплашувчилар бўлса, давлат тили билан бирга ўша тилларда ҳам иш юритиш мумкин. Эндиликда масжидлар Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан келишган ҳолда оммавий ахборот воситалари, шўъба корхоналари ва бошқа тадбиркорлик тузилмаларини (диний мазмундаги маҳсулотларни сотиш дўконлари) ташкил этиши мумкин. Вилоят ва шаҳар вакилликлари ҳамда “Шайх Зайниддин”, “Мирза Юсуф”, “Тўхтабой” каби жоме масжидларининг интернет сайтлари ушбу ишлардан дебочадир. Бу қулайликлар масжидлар ривожида катта ўрин тутади. Масжидлар тадбиркорлик билан ҳам шуғулланиб моддий жиҳатдан янада қувватланиб олса, китоблар, видео ва аудио қўлланмалар, замонавий асбоб-ускуналар харид қилиб, чинакам маърифат масканига айланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ахборот хизмати

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 18 декабрда эълон қилинган  300 марта кўрилган