Бола эдик. Биз кўчиб келган қишлоқ қўриқ ерда барпо қилинган, ҳали қўрғонлар йўқ, уйлар девор уриб тўсилмаган эди. Ўша йили қиш қаттиқ келди, яйдоқ ҳовлимиз четига бир машина кўмир тўктирдик. Бир кўмирки, ҳавасга ёқасиз. Дона-дона, ловуллаб ёнгани билан чўғи саҳаргача бузилмай туради.

Олапар лақабли жуда ҳушёр итимиз бўлиб, одамни тишламас, аммо ҳовлига бегона кирса, акиллаб дунёни бузарди. Бир куни оқшомда қаттиқ ҳурди, акам ташқарига чиқиб кетди. Бироздан кейин қовоғи уюлиб кириб келди. Нима гаплигини сўраган онамга:

– Қўшнимиз Ҳайит хола экан, – деди. – Қўлида эски қоп, товуғимни излаб чиқдим, дейди. Тунов куни ҳам кўриб қолувдим, шунақа баҳона қилди.

Дадам билан онам бир-бирига маъноли қараб қўйишди.

– Биламан, кўмир ўғирлагани чиққан! – дедим мен дадиллашиб. Чунки уюмнинг қўшни томони ҳар куни ўйилиб қолаётганини анчадан бери сезиб юрардик.

– Ўзингдан каттага билиб-билмай маломат қилма, – пўписа қилди онам.

– Рост айтяпти, – гапга қўшилди опам. – Уларникида умуман кўмир йўқ, шунинг учун ҳам...

Дадам вазмин томоқ қирди, ҳаммамиз унга юзландик.

–  Уларда кўмир йўқ дегин? Унда яхшилаб эшитволинглар. Бугундан бошлаб кечаси итни бўшатмаймиз. Ким қўшнининг кирганини пайқаб қолса, тезда билдирмай изига қайтсин. То оладиганини олиб кетмагунча чиқмай туринглар, изза бўлмасин.

Онам индамай бош ирғаб тасдиқлади. Бизнинг ҳайронлигимиз юзимизда зоҳир эди шекилли, дадам қўшимча қилди:

– Қўшнинг совуқда дийдираб ўтирса, сенга иссиқ уй татийдими? Қўли юпқалик қилгандирки, кўмир ололмагандир. Муҳтожлик ёмон... Неваралари майда, ёрдам бериш керак.

Шу-шу Ҳайит холанинг кириб-чиқишларига кўз юмиб юравердик. Онам ора-сира ҳеч нарсани билмайдигандай, уларникига пақирни тўлдириб кўмир опчиқадиган бўлди.

Қишдан ҳамма омон чиқди. Кўмир ҳаммага етди.

Ундан бери қанча сувлар оқиб ўтди. Ўша одамлар энди йўқ. Ҳайит холанинг “майда” неваралари аллақачон шаҳарда катта одам бўлиб кетишган. Лекин, қачон йўллари тушса, ота уйимизни бир йўқлаб ўтишади. Бувилари васият қилган экан...

Гулчеҳра Асронова

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 18 декабрда эълон қилинган  458 марта кўрилган