Ислом дини, аввало, инсонни руҳий-маънавий ҳамда жисмоний покликка чақиради. Ибодатларнинг қабул бўлиши уларни поклик асосида адо этишга боғлиқ. Поклик йўлидаги ҳар бир иш юқори баҳоланади ва уни қилган кишига улкан ажр-савоблар, олий мартаба берилади. Аллоҳ таоло пок бандаларини яхши кўришини бир неча ўринларда зикр қилиб ўтган. Жумладан:  “Аллоҳ эса покланувчиларни севар” (Тавба, 108).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло поклик ва пок кишиларни мақтамоқда, уларни яхши кўришини зикр қилмоқда, бу эса, исломда покликка қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Пок бўлинглар, зеро, ислом покликдир” (Муслим ривояти); “Поклик кишини имонга чақиради. Имон эса, ўз эгаси билан жаннатда биргадир” (Табароний ривояти).

Дарҳақиқат, ҳар бир инсоннинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки қалб инсон танасининг подшоҳи, қолган аъзолар унга эргашувчидир.

Имом Ғаззолий (р.а.) бундай дейди: “Киши зоҳирий нопокликлардан сақланиш билан бирга ботинини ҳам пок тутиши лозим. Чунки ботиний иллатлар кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга сабаб бўлади. Покликни истовчи қалб гўё фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб каби касалликлар билан иллатланган қалбда фаришталар қандай қўним топсинлар!”

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Либосларингизни покланг” (Муддассир, 4).

Мўмин киши, албатта, либосини ҳам пок, озода тутиши лозим. Чунки либос инсон зийнати ҳисобланади.

Булардан ташқари, тановул қиладиган озуқаларнинг ҳам пок ёки нопоклиги ҳақида динимиз инсонларга ўз кўрсатмаларини берган. Ислом таълимотида нима ҳалол деб ҳукм қилинган бўлса, ўша нарса инсон учун фойдали; ҳаром дейилган бўлса,  зарарлидир.

Инсоннинг маънавий олами пок бўлиши унинг ташқи оламини поклашига бевосита боғлиқ. Демак, инсон ҳалқумидан ўтган ҳар бир нарсага жиддий аҳамият бериши лозим. Муборак Рамазон ойи, шодиёна ва саодатли кунларда барчаларимиз ички поклигимизга қанчалик аҳамият берсак, зоҳирий, яъни ташқи кўринишимизга ҳам шунчалик эътибор беришимиз лозим бўлади. Зеро, динимиз таълимоти ҳар бир мўмин-мусулмон маънан ва жисмонан тоза бўлишини тақозо қилади. Шунга биноан ҳаммамиз уй-жой, ҳовли, кўча, маҳалла атрофлари, боғ ва қабристонларни тартибга келтириш, уларни тозалаб, ободонлаштириш каби савобли амалларда иштирок этишимиз мақсадга мувофиқ.

Аллоҳ таоло поклик ва озодалик йўлидаги саъй- ҳаракатларимизга баракотлар бериб, Ўзини рози қиладиган амалларда бардавом айласин! Омин!

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 17 декабрда эълон қилинган  258 марта кўрилган