Рўза тутиш Рамазон ойида фарз бўлса-да, бир неча узрлар сабабли уни кейинги ойларда қазо қилиб тутиб бериш мумкин. Касаллик, ҳомиладорлик, эмизиклилик, кексалик, ҳайз, нифос ва сафар ана шундай узрлардандир.

Дарди оғирлашиши ёки тузалиши чўзилиб кетишидан қўрққан касал Рамазон ойида рўза тутмай, сўнг қазо қилиб тутиб беради. Ҳомилали ва эмизикли аёллар ҳам рўза тутишларида ўзлари ёки фарзандларига зиён борлигидан хавфсирашса, уни кейинга қолдиришлари мумкин. Касал тузалганидан кейин қазо рўзасини тўлиқ тутишга улгурмасдан вафот этса, қолган кунлари учун рўзасининг фидясини васият қилган бўлса, ворислари қолдирган меросининг учдан бир қисми миқдорини беради. Мабодо васият қилмаган бўлса, фидя бериш меросхўрларига вожиб эмас. Чунки бу ҳолда моли бор одамнинг ўзи вафот қилмасидан олдин фидя беринглар, деб васият қилиши вожиб.

Кексалик туфайли рўза тутишга ожиз бўлган қариялар ҳар кунги Рамазон рўзаси учун бир мискинга фитр садақа миқдорида фидя бериши лозим. Фиқҳий манбаларда шайхи фоний деб номланган бу тоифага рўзани ўз пайтида тутишдан ожиз бўлган ёшлар ҳам киради. Фидя берган бўлишса-да, кейинчалик қувватга кириб, рўза тутишга ярашса, рўзаларининг қазосини тутишлари керак. Ҳайз ё нифосдаги аёл ундан фориғ бўлгунича рўза тутиши мумкин эмас. Кейинчалик Рамазон ойида қолдирган рўза кунларини қазо қилиб тутиб беради.

Мусофир киши рўза тутишда машаққат бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, рўза тумаслиги мумкин. Агар сафарда рўза тутмаса, албатта, қазосини тутади. Тонг отгандан кейин сафарга чиққан киши ўша кун рўзасини адо этгани маъқул. Агар очиб юборса, каффорат лозим эмас, қазосини тутиб беради. Юқорида келтирилган рўзалар хоҳишга қараб кетма-кет ё бўлиб-бўлиб тутиб берилади.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 10 декабрда эълон қилинган  48 марта кўрилган